Ру Ўз O`z En

Наманган туманида 5 минг гектардан зиёд майдонда такрорий экинлар етиштирилмоқда

22 Июля 2022 1534

Сир эмаски, бугунги кунда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш дунё мамлакатлари учун энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Аҳоли сонининг ўсиб бориши, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, тез-тез содир бўлаётган табиий офатлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Шу боис юртимизда мавжуд имкониятларни тўғри ишга солиб, кузги бошоқли дон экинлари йиғиштириб олинганидан сўнг такрорий экин парваришлашга жиддий эътибор қаратилган.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимиз табиий-иқлим шароити бир йилда камида икки марта ҳосил олиш имконини беради. Айтайлик, ғалла 15 — 20 июнгача йиғиштириб олинган тақдирда ҳам, ундан кейин қарийб тўрт ой, яъни 120 — 130 кун иссиқ ва ҳароратли бўлади. Бошқача айтганда, саҳоватли заминимиз керакли миқдорда фойдали ҳарорат йиғиндисини қабул қилади. Бу эса сабзавот, полиз ва картошка экинлари етиштириш учун айни муддаодир.

Наманган туманида жорий йил ғалладан бўшаган майдонга экилган 5 минг 400 гектардан зиёд майдонга такрорий экинлар- сабзи, карам, картошка, ловия, кунгабоқар, мош каби сабзавот ва дуккакли экинлар экилиб, айни кунларда баравж ривожланмоқда, - дейди биз билан суҳбатда “Ўзагроинспекциянинг Наманган туман бўлими катта инспектори У. Асқаров. - Инспекция туман бўлими мутахассислари томонидан такрорий экин майдонларини “Ёшлар”, Аёллар”, “Темир” дафтардаги фуқароларга ажратилишини назорат қилиш ҳамда бу ерларга сара ва сифатли уруғлар экилиши, агротехника тадбирларининг ўз вақтида амалга оширилишидан тортиб то ҳосил йиғиштириб олингунга қадар профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзагроинспекциянинг Наманган тумани бўлими томонидан ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга иқлим шароитига мос, эртапишар ҳамда экспортбоп қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш юзасидан тизимли назорат ўрнатилган. Кластер корхонаси, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан такрорий қишлоқ хўжалиги экинларининг тўлиқ майдонларда экилиши, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда хизматлар сифатли кўрсатилиши юзасидан кунлик мониторинг таҳлиллари ўтказилмоқда.

-Жорий йилда вилоятда ғалла ва эртаки экинлардан бўшайдиган 73 минг 547 гектар майдонларга такрорий экинлар экилиши режалаштирилган.Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларнинг 36 минг 468 гектарига дуккакли экинлар, 3 минг 948 гектарига картошка, 6 минг 250 гектарига сабзи экилаётган бўлса, 4 минг гектар ерга мойли ўсимликлар экилмоқда ва бу жараён Инспекция мутахассислари томонидан доимий равишда ўрганилиб, профилактик тадбирлар олиб бориляпти,- дейди “Ўзагроинспекция” Наманган вилояти бошқармаси бош инспектори Н. Исомитдинов.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги кунгача белгиланган майдонларнинг 61 минг гектарига такрорий экинлар экиб бўлинди.

Бундан кўзланган мақсад, аҳоли эҳтиёжи ва ички бозор талабини тўлақонли қондириш билан бирга экспортбоп маҳсулотлар етиштириш эвазига вилоятимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишдан иборат.

И. Мусаев, “Ўзагроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар шўбаси бош инспектори

Text to speech