Ру Ўз O`z En

Сув тежовчи технологиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши Инспекция назоратида

5 Июль 2022 1351

Президентнинг “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан 2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун Давлат бюджетидан субсидия маблағларини олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан ушбу технологиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан тизимли назорат ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойида сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўймаслик юзасидан 2 423 профилактика тадбирлари амалга оширилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, 2021 йилда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонга 2022 йил ҳосили учун жойлаштирилиб, парвариш қилиниб келинаётган 67 000 гектар ғўза майдонини 25 597 гектарида (38%) мавжуд томчилатиб суғориш технологияси ишга туширилмаганлиги аниқланиб, мазкур технологияни жорий йил суғориш мавсумида ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилиши тўғрисида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига 1 194 та огоҳлантириш хатлари берилди.

Шунингдек, 2021 йилда давлат бюджетидан субсидия маблағларини олиб, сувни тежовчи технологияларни жорий қилган лекин мазкур технологияни ишлатишга улгурмаган 236 та (7200 гектар) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан технологиялар ишга туширилди.

Ўз навбатида, ўтказилган профилактика тадбирлари жараёнидаги тушунтиришларга ва берилган огоҳлантиришларга қарамай сувни тежайдиган суғориш технологияларини ишга туширмаган, шунингдек, технологиянинг асосий қисмларидан фойдаланмаган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтартириш мақсадида 112 та (5278 гектар) материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши таъминланди.

Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари томонидан жойларда сувни тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларда мазкур технологиялардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилган бўлиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech