Ру Ўз O`z En

Чорвачиликка субсидия ажратилиши юзасидан қарор ижроси Инспекция назоратида

22 Январь 2021 2328

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги ПҚ-4576-сонли “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг ижросини таъминлашда “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қарор талабларини бажарилиши назоратга олиниб, мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Инспекторлар асосан чорвачилик ва наслчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, маҳсулдорликни ошириш ва озуқабоп экинларни уруғчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

чорвачилик хўжаликларига ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилинишини ташкил этиш ҳамда чорва бош сонидан келиб чиқиб, мутаносиб равишда экин ерлари ажратилишини назорат қилиш;

чорвачиликнинг барча тармоқлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш, илмий тадқиқот натижалари ва инновацион ишланмаларни маҳсулот ишлаб чиқариш ва наслчилик-селекция амалиётига жорий этиш ишларини йўлга қўйиш ва кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишга асосий эътибор қаратмоқдалар.

Қарорнинг энг долзарб, асосий имтиёзлардан бири чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга давлат томонидан республика ҳудудида фаолият юритаётган наслчилик хўжаликларидан сотиб олинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 1 миллион сўм миқдорида ҳамда хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўм, наслдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида давлат томонидан субсидия ажратилиши назарда тутилганлиги, чорвачиликка ихтисослаштирилган хўжаликларга енгилликлар яратилиб, соҳани ривожлантиришда дастуриламал бўлмоқда.

Қарор ижроси вилоятнинг бошқа туманлари каби, Бухоро туманида ҳам ўз аксини топмоқда.

- Туманда фаолият юритиб келаётган “Боғи калон” МФЙ ҳудудидаги “Зариф ота” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалиги томонидан шартнома асосида Германия давлатидан 65 та наслли йирик шохли моллар келтирилганлиги ва Испекциянинг туман бўлими томонидан наслли молларни давлат реестридан ўтказишда амалий кўмак берилиб, тавсияларга биноан қорамолларнинг 30 тасига давлат томонидан 60 миллион сўм миқдорида субсидия тариқасида тўланган пул маблағлари бунга яққол мисол бўла олади. – дейди Инспекциянинг Бухоро туман бўлими катта инспектори Бахтиёр Шерипов. -“Амиробод-Гулистон” ҳамда “Кунжи қалъа” МФЙ ҳудудларида чорва озуқасини етиштириб берувчи 2 та кооперациялар ташкил қилиниб, 7,8 гектар ер майдонларида чорва озуқаси экинлари экилиб, аҳолини чорва озуқаси билан узлуксиз таъминлаб бориш имконияти яратилганлиги жойларда қарор ижроси бажарилаётганлигидан далолат беради.

Албатта, Инспекция ходимлари томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ва амалий кўмаклар чорвачиликни янада ривожлантириш, шунингдек, бозорларимизда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, олиб борилаётган барча амалий ишлар, шунингдек, чорвачиликда наслчилик ишларининг тартибга солиниши ва жойларда истиқболли лойиҳаларнинг бажарилиши аҳолининг гўш ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондирилишида муҳим аҳамият касб этади.

 

"Ўзагроинспекция" Бухоро вилоят Ахборот хизмати бошлиғи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech