Ру Ўз O`z En

ФЕРМЕР ВА ДЕҲҚОНЛАРГА: УРУҒЛИК КАРТОШКАЛАРНИ ХАРИД ҚИЛИШДА АЛДАНИБ ҚОЛМАНГ!

23 Июнь 2020 2386

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4704-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 16 майдаги 03/1-1103-сонли назорат жадвали ишлаб чиқилган.

Мазкур қарорда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Инспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлими ҳамда вилоятлар бошқармалари ва туманлар бўлимлари инспекторлари томонидан қатъий назоратга олинган.

Хусусан, Самарқанд вилоят бошқармасининг туман бўлимлари томонидан ўрганишлар ўтказиш давомида 2020 йил ҳосили учун картошка экилиши режалаштирилган туманлардаги  49 та фермер хўжаликларига “Bananza Trade Exsport” МЧЖ ва “Шўрчи агро тайёрлов” МЧЖлар томонидан жами 172,6 тонна мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган истеъмол учун хорижий давлатлардан олиб кирилган картошка тарқатилганлиги маълум бўлди.

Жумладан, вилоятнинг Қўшработ туманида “Bananza Trade Exsport” МЧЖ томонидан 9 та фермер хўжаликларига 50,6 тонна картошкалар уруғлик картошка сифатида тарқатилганлиги аниқланган. Инспекциянинг туман инспекторлари томонидан ушбу тарқатилган картошкани уруғлик картошка эканлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни талаб қилганида, “Bananza Trade Exsport” МЧЖ томонидан бирон бир хужжат ёки мувофиқлик сертификати тақдим этилмаган. Фермер хўжаликларига тарқатиб юборилган картошкаларнинг айрим қопларида ушбу картошка исътемол учун Россия Федерациясидан келтирилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлсада, аммо бирон-бир муҳр ёки имзо билан тасдиқланмаганлиги аниқланди. 

Шунингдек, Жомбой туманида “Шўрчи агро тайёрлов” МЧЖ томонидан 14 та фермер хўжаликларига 24 тонна картошка тарқатилган бўлиб, тарқатилган картошка ҳужжатлари туман инспекторлари томонидан кўздан кечирилганда улар уруғлик эмас балки  истеъмол картошкаси эканлиги маълум бўлди.

Шу жумладан, Иштихон туманида ҳам “Bananza Trade Exsport” МЧЖ, томонидан 26 та фермер хўжаликларига 98 тонна картошка тарқатилган бўлиб, ушбу тарқатилган картошкани уруғлик картошка эканлиги тўғрисида бирон бир ҳужжат тақдим этилмасдан тарқатилиб юборилганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Инспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва туман ҳокимликларига огоҳлантириш хати киритилди ҳамда тарқатиб юборилган картошкаларни фермерлардан қайтириб олиш ва сохта тадбиркорларга чора кўриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари ва корхоналарни огоҳлантирамиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги ПҚ-4704-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 майдаги 282-сонли қарорларида импорт бўлган ҳамда маҳаллий етиштирилган уруғлик картошкаларнинг мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган ҳолларда Республика ҳудудига киритимаслик ва картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари ва корхоналарнинг ер майдонларида экишни таъқиқлаш бўйича топшириқлар берилганлигини маълум қиламиз. 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech