Ру Ўз O`z En

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз боғларни бузиш ва ўрнига янги интенсив боғлар барпо қилиш доимий назоратда

21 Октябрь 2020 2822

Она юртимизда боғдорчилик кенг ривожланиб келмоқда, халқимиз дастурхонига турли мевалар етиштириб бермоқда. Ҳозирда турли мевалар ғарқ пишиб, дастурхонларимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Миришкор боғбонларимиз нафақат халқимиз дастурхонига, қўшни мамлакатлар бозорларига ҳам сифатли мевалар етиштириб бермоқдалар. Бу эса ўз навбатида юртимизнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига олиб келмоқда.

Сирдарё вилоятидаги фермер хўжаликларига қарашли 5347 гектар боғзорлар мавжуд бўлиб, 3330 гектари ҳосилли боғлар ҳисобланади. Ушбу боғлардан гектарига 134 центнердан, жами 44514 тонна мева етиштириш ҳисоб-китоб қилинган.

Бундан ташқари, вилоят бўйича фермер хўжаликлари ҳисобида 640 гектар интенсив (пакана ва ярим пакани) боғлар мавжуд бўлиб, шундан 159 гектари мевали боғларни ташкил қилиб, ушбу боғлардан ўртача 208 центнердан жами 3303 тонна маҳсулот ишлаб  чиқариш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги 1012-сонли қарорига асосан, иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган бўлиб, Низом талабларига кўра, Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан яроқсиз деб топилган кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар ўрнида интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиш бўйича қатъий назорат ўрнатилган.

Шунингдек, мазкур Низомда фермер хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларини яроқсиз деб топиш, уларнинг ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказилиши туман ҳокимликлари томонидан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Жойларда тузилган Комиссия аъзолари томонидан 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ёки токзор майдонларининг манзилли рўйхати шакллантирилади ҳамда ушбу майдонларда яроқсиз ҳолга келган боғ ва токзорларни бузиб ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш ва уларнинг ўрнига янги интенсив боғларни ташкил қилиш чоралари кўрилади.

Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида, вилоят ҳокимининг 2019 йил 21 декабрдаги 335-сонли қарори билан, 264 гектар яроқсиз ҳолга келиб қолган боғларнинг 2020 йил қиш-баҳор ойларида 247 гектарини бузиш ҳамда ўрнига янги интенсив боғлар ташкил қилиш режалаштирилган. Амалда бугунги кунда, 161 гектар (гилос, шафтоли, олхўри, олма, анор) янги боғзорлар барпо қилиниши таъминланди.

Бундан ташқари, 2021 йилда ҳам вилоят бўйича мавжуд 5347 гектар боғларнинг иқтисодий жихатдан самарасиз бўлган 240 гектари шундан, 30 гектари жорий йили куз ойида, 110 гектари 2021 йил қиш-баҳор ойларида ҳамда              100 гектари 2021 йилнинг куз ойида бузилиши режалаштирилган ва  уларнинг ўрнига янги интенсив боғлар ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Шу қатори, вилоят бўйича жорий йилнинг куз ойларидан бошлаб, 2021 йилнинг куз ойларигача 29 та фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 1761 гектар майдонга янги боғлар барпо қилиш режалаштирилган бўлиб, ушбу майдонларнинг 364 гектари пахта ва ғалладан қисқарган майдонларга, 240 гектари бузиладиган боғзорлар ҳамда 157 гектари ўзлаштириладиган лалми ва адир ерларга барпо қилиниши белгиланган.  

Юқоридаги ишларни амалга оширилишида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан доимий назорат мониторинг тадбирлари амалга оширилиб, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига боғдорчиликни ривожлантириш борасида амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.

 

Икромжон Гулмуратов, “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлими” бош инспектори     

Text to speech