Ру Ўз O`z En

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА ДОН КОРХОНАЛАРИ ЯНГИЛАНМОҚДА

8 Июль 2020 2710

2019 йилда Жиззах вилояти фермер хўжаликлари томонидан давлат хирмонларига 320 минг тоннага яқин дон топширилган бўлса, жорий йилда давлат эҳтиёжлари учун жами 296 минг 498 тонна атрофида бошоқли дон топшириш режалаштирилган. Бунинг учун дон етиштирувчи хўжаликлар билан вилоятда фаолият кўрсатаётган “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖ, “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖ ва “Зарбдор элеватори” АЖлар билан тегишли тартибда шартномалар тузилган. Ҳозирда мазкур 3 та йирик дон қабул қилиш масканлари ва улар таркибидаги 12 та шаҳобчаларга заҳматкаш дехқонлар саъй-ҳаракатлари эвазига етиштирган ҳосилни қабул қилиш ишлари давом этмоқда.

 

“Ўзагроинспекция” фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан мавсум олдидан вилоятдаги “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги дон корхоналари ва улар таркибидаги 12 та дон қабул қилиш шаҳобчаларига мавсумга тараддуд юзасидан 12 та кўрсатмалар берилган эди.  Натижада ушбу масканлар тўлиқ шай ҳолатга келтирилиши таъминланди. Айни кунларда ғалла ўрим йиғими давом этаётган  бир вақтда “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлимлари ходимлари  қабул қилинаётган ғалланинг сифатини лаборатория таҳлилидан ўтказиш жараёнлари устидан доимий назоратни амалга ошириб келишмоқда.

 

Бугунги кунга қадар дон корхоналари ва уларнинг шаҳобчаларига жами 292 минг 876 тоннадан зиёд бошоқли дон қабул қилинди.

Мана шундай долзарб паллада қабул қилинаётган донларнинг синов таҳилларига алоҳида эътибор қаратилиб, Инспекция ходимлари назорати остида ва фермер хўжаликлари иштирокида белгиланган тартибда 326 та қайта синов таҳлиллари ўтказилди.

Шунингдек, ходимлар томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан дон корхоналарига тегишли кўрсатмалар берилиб, камчиликлар бартараф этилди.

Эътиборлиси, донни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланиб келаётган дон корхоналари, яъни, “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖ ва “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖлар қаторида “Зарбдор элеватори” АЖ ҳам технологик жиҳатдан янгиланмоқда.

Ушбу корхона билан Туркиянинг “ORTAS DEGERMEN MAKINALARI IC VE DIS TIC LTD STI” корхонаси ўртасида 1 млн 120 минг АҚШ доллари қийматдаги шартнома имзоланиб, корхона цехига суткасига

150 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга янги, замонавий тегирмон линиясини ўрнатиш кўзда тутилган. Ҳозирда тегирмоннинг асосий ҳамда бутловчи қисмлари корхонага келтирилиб, яқин кунларда ускуна ва жиҳозлар ҳам турк мутахассислари ёрдамида жойига ўрнатилади. Бу эса бугунги глобал шароитда аҳолини зарур маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, қорамолчилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари ҳамда аҳолини аралаш ем озуқаси билан етарли даражада таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада замонавий саноат усулида омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 27 апрелдаги қарори ижроси доирасида турк ишбилармонлари билан “Зарбдор элеватори” АЖда омухта ем ишлаб чиқариш цехи ҳам барпо этиладиган бўлди. Ҳозирги кунда асосий ва бутловчи қисмлар корхонага олиб келинган. Бу ерда қиймати 760 минг АҚШ долларлик ускуна жиҳозлар ўрнатилгач, ишлаб чиқариш қуввати соатига 5 тоннагача етади. Пировард натижада эса иш унумдорлиги ва маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари яхшиланади.

 

 Шавкат Қувондиқов, “Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси

Пахта хом ашёси, дон уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори                              

Text to speech