Ру Ўз O`z En

Кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди

11 Май 2022 166

2022 йил 10 май куни Ҳукуматнинг “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 243-сонли қарори қабул қилинди.

2022 йил ёзги суғориш мавсумида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш мақсадлари учун жами 28,2 млрд. куб метр миқдорда сув олиш лимитлари ҳамда кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш тадбирларини мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб куйидагилар:

сув омборларидаги сув ресурсларидан фойдаланишни назоратга олиш, айниқса йирик сув омборларидан сув чиқариш ва насос станцияларидан фойдаланишни қатъий равишда аниқ ҳисоб-китобларга асосланган талабномалар бўйича амалга ошириш;

мавжуд суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг мавсумга шайлигини таъминлаш билан боғлиқ барча тадбирларнинг бажарилиши бўйича қатъий мониторинг олиб бориш тизимини йўлга қўйиш;

сувни тежайдиган суғориш технологияларининг “бир канал-бир тизим” тамойили асосида электр энергияси ва сув билан узликсиз таъминлаш имкониятидан келиб чиқиб жойлаштирилишига эътибор қаратиш;

мавсум давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатларини танқидий ўрганиш ҳамда бу борада мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳар ўн кунда ҳисоботларини эшитиб бориш белгиланди.

Шу билан бирга, тегишли вазирлик ва идораларга бир қатор вазифалар юклатилиб, бажариш муддатлари белгиланди хусусан:

ўн кун муддатда Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан бирга тасдиқланган сув олиш лимитлари доирасида ҳар бир ирригация тизими канали ва суғориш тармоғи, шунингдек, сувдан фойдаланувчилар, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари бўйича сув олиш лимитларини тасдиқлаб, тегишли шартномалар расмийлаштирилишини ҳамда шартномалар реестрини сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли  бўйича белгиланган тартибда назорат қилиб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармалари ва туманлар бўлимларига берилиши белгилаб қўйилди.

Энергетика вазирлиги “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Миллий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда 2022 йил учун белгиланган электр энергияси миқдорларини ажратиш ҳамда насос станциялари ва вертикал суғориш қудуқларини белгиланган режим асосида узлуксиз электр энергияси билан таъминлайди.  

Шунингдек, қарорда Сув хўжалиги вазирлиги насос станциялари ва вертикал суғориш қудуқларини техник соз ҳолатда бўлиши ва самарали ишлашини ташкил этишга;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига, шунингдек, сув олиш лимитларига қатъий риоя этилиши бўйича тизимли назорат ўрнатиш ҳамда бу борада қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш вазифаси юклатилди.

"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech