Ру Ўз O`z En

МАЙ ОЙИ - ҒЎЗА ПАРВАРИШИДА МУҲИМ ПАЛЛА

13 Май 2022 1310

Ғўза парваришида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказилиши гектаридан юқори ҳосил олишда муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда далаларда униб чиққан ғўза майдонларининг қатор ораларига биринчи ишлов бериш, чопиқ қилиш, яганалаш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш каби кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Навоий вилоятида жорий йил ҳосили учун 31 655 гектар майдонга чигит уруғи қадалган бўлиб, бугунги кунда “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан юқорида келтирилган агротехник тадбирларни кечиктирилмай амалга оширилиши юзасидан назорат тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Бугунги кунда вилоят бўйича ғўза майдонларининг 10331 гектари  1-2 чинбарг, 12316 гектари 3-4 чинбарг, 9008 гектар 5-6 чинбарг фазасида ривожланмоқда.

Маълумки, қатор орасига биринчи ишлов бериш ишларини бажарилиши тупроқ ғоваклигини ва унинг пастки қатламларига иссиқ ҳаво киришини таъминлаши билан аҳамиятли. Вилоят бўйича бир кунда 1290 гектар ғўза майдонида биринчи ишлов бериш ишлари амалга оширилган бўлса, мавсум бошидан буён бу кўрсаткич 51950 гектарни ташкил этади. Айни жараёнга 707 дона культиваторлар жалб этилган бўлиб, амалда уларнинг 6333 донаси культивация ишларида қатнашмоқда.

Бундан ташқари, ғўза майдонларини чопиқ қилиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилаётган бўлиб, бу тадбирда 14725 нафар ишчилар қатнашмоқда.

Хусусан, мавсум бошидан буён Хатирчи туманида 12933 гектар, Қизилтепа туманида 9886 гектар, Навбаҳор туманида 8667 гектар, Кармана туманида 6048 гектар, Конимех туманида 587 гектар ғўза майдонларида майда чопиқ қилиш ишлари амалга оширилиб, бу муҳим тадбир вилоят бўйича 38121 гектар майдонда амалга оширилган.

Миришкор деҳқонлар ва тажрибали мутахассисларинг фикрига кўра, яганалаш тадбирини кечиктирмаслик зарур. Бу муҳим тадбирни ғўзада   1-2 чинбарг пайдо бўлганда тугатиш лозим бўлади. Яганалаш 3-5 кунга кечиктириб ўтказилса, пахта ҳосили 2-3 центнерга ёки 4-5 чинбарг чиқарганда ўтказилса ҳосилдорлик янада камайиб кетишига олиб келади.

Яна бир жиҳат, ғўза парваришида чуқур юмшатиш ишлари талаб даражасида ўтказилиши зарур. Агроинспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлими инспекторлари томонидан ғўза қатор ораларига чуқур юмшатгич билан ишлов бериш ишлари ҳам назоратга олинган.

Вилоят бўйича мавсум бошидан буён 17527 гектар ғўза майдонларида чуқур юмшатиш ишлари бажарилган бўлса, Хатирчи туманида 6022 гектар, Қизилтепа туманида 4694 гектар, Навбаҳор туманида 3928 гектар, Кармана туманида 2615 гектар, Конимех туманида 268 гектар ғўза майдонида чуқур юмшатиш ишлари амалга оширилган.

Инспекторлар томонидан ғўза парваришида ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида агротехник тадбирларни кечиктириб ва сифатсиз амалга оширилган 4 та ҳолат аниқланиб, бу бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда судларга юборилиши таъминланди.

Шунингдек, аниқланган камчиликни бартараф этиш юзасидан ҳокимликлар ва тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилиши таъминланмоқда.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

 

Text to speech