Ру Ўз O`z En

Мингбулоқда сув тежовчи янги технологиялар ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда

5 Июль 2022 1292

Президентнинг жорий йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, мамлакатимизда 2022 йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги ошириш назарда тутилган.

Унга кўра, 2022 йил якунигача республика бўйича камида: 230 минг гектар, шу жумладан, 160 минг гектар пахта етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш;

28 минг гектар, шу жумладан, 25 минг гектар бошоқли дон етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш;

2 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида дискретли суғориш тизимлари жорий қилинади;

218 минг гектар экин майдонлари лазерли ускуна ёрдамида текисланади.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилдан суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун, жумладан, томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига субсидиялар берилади.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги айрим ерлар сув бориши қийин бўлган, чўл ҳудудлари ҳисобланади. Шу боис ҳам узоқ йиллар давомида бу ерларда экилган пахтанинг ҳосилдорлиги бошқа ҳудудларга нисбатан анча паст эди.

-   Асосан зовурдаги сувлардан пахта ва ғалла майдонларимизни суғорганлигимиз боис айниқса, ёзнинг иссиқ кунлари сувдан қийналардик,-дейди “Жўраазбадал даласи” фермер хўжалиги раҳбари Р. Азбадалов. – “Арт соф текс” кластер корхонаси ёрдами билан бу йил аввалида 33 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилдик. Натижа далаларимиздаги ғўзанинг ривожида ҳам яққол кўринмоқда.

Юқорида қайд этилган қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида "Ўзагроинспекция"нинг Мингбулоқ туман бўлими томонидан бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

- Белгиланган дастурга асосан, туманда кластер корхонаси томонидан жорий йил бошидан бери  туманда 609 гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилди, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Мингбулоқ туман бўлими катта инспектори Т. Бозорбоев. — Шундан, 514 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш, 95 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғоришга мўлжалланган  сув тежовчи инновацион технологияларни ўрнатилди. Инспекциянинг туман бўлими томонидан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун белгиланган лойиҳалар ижроси юзасидан кунлик мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Мухтасар айтганда, томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали эканлиги амалда ўз исботини топмоқда. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан замонавий инновацион технологиялар жорий этилса, сув ресурслари ва харажатларни тежаш баробарида, кўпроқ даромад олишга замин ҳозирланган бўларди.

И. Мусаев, “Ўзагроинспекциянинг Наманган вилоят бошқармаси жамоатчлик билан алоқалар шўъбаси бош инспектори

Text to speech