Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалигида етказилган зарарлар қандай баҳоланади?

1 Июль 2020 4193

Бугунги кунда дунё бўйича  озиқ-овқат танқислиги юзага келаётган бир пайтда мамлакатимизда ҳам аграр соҳада туб ислоҳотолар амалга оширишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.    

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 - 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 23 октябрдаги ПФ-5853-сон фармонига асосан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ҳавфсизлиги соҳасида кўплаб ислоҳотларни амалга ошириш белгиланди.

Шу билан бир қаторда Тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини ишлаб чиқиш учун амалиётда бир қанча камчиликлар мавжудлиги ҳам белгиланган:

  * ишлаб чиқариш ҳажми ва меҳнат унумдорлигини баҳолаш натижалари жойлардаги ҳақиқий ҳолатга мос келмаслиги;

   * аниқ ва ишончли маълумотларнинг етишмаслиги янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишини, шунингдек, уларнинг соҳага таъсирини объектив баҳолаш имконини бермаслиги қайд этилган.

Сўнгги вақтларда республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасида кўплаб ислоҳотлар, яъни пахта, ғалла сабзавот ва бошқа соҳаларда йирик кластерлар, кооперациялар, уюшмалар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ташкил этилмоқда, шунингдек, фермер хўжаликлари мақбуллаштирилмоқда.  

Амалиётда юқорида келтирилган қишлоқ хўжалиги субъектлари орасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш, агротехник ҳаражатлар ва шу каби бошқа етказилган зарарларни аниқлаш институти етарли даражада шаклланмаганлиги сабабли, ушбу институтни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.  

Қолаверса, аграр соҳада фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни баҳоловчи юридик шахслар кўп ҳудудларда йўқлиги боис зарар кўрган шахслар билан турли ҳил муаммолар юзага келмоқда..

Мисол учун жорий йилнинг 11 февралида (рўйхат рақами 3/4824-сон) Бухоро вилояти Когон шаҳар маъмурий суди томонидан битта фермер хўжалигининг ер майдони етиштирилган экинлари билан бирга бошқа фермер хўжалигига ўтказилганлиги сабабли, маъмурий суд  собиқ фермер хўжалиги раҳбарининг қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириши учун уруғчилик, агротехника ва бошқа харажатларини аниқлаб бериши бўйича қишлоқ хўжалиги ташкилотларига топшириқ хати келган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2019 йил 31 июлдаги 6, 136-сонли «Давлат хизматлари ягона реестрини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан юқорида келтирилган хизмат тури ҳамда  мазкур хизматни амалга оширувчи давлат органи ва ташкилоти белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4241-сон қарорига асосан “Ўзагроинспекция”нинг асосий вазифаларидан бири-қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини тартибга солувчи ва текширувчи давлат органи ҳисобланади.

  Ҳозирда “Ўзагроинспекция” ва унинг таркибидаги ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга аграр соҳада 20 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда.

Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг аграр соҳада ўзларига етказилган зарарларни аниқлаш ва баҳолаш бўйича турли хил муаммоларни бартараф қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, шу билан бирга, мавжуд қонунчилиқни бир-бирига таснифлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқарма ёки туман (Қувасой шаҳар) бўлимлари томонидан етказилган зарарни мавжуд бозор шароитидан келиб чиқиб хулосалар бериш тизимини яратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Мазкур баҳолаш тизимини “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқарма ёки туман (Қувасой шаҳар) бўлимларида ташкил этиш натижасида:

“Ўзагроинспекция”га белгиланган вазифалар тўлиқ амалга оширилган ҳисобланади;

* аграр соҳада фаолият юритувчи жисмоний ва юридик шахсларга амалиётда ўзлари фаолият юритаётган ҳудуддаги ташкилотларга мурожаат қилиш ва ортиқча оварагарчиликларнинг олди олинади; 

* етказилган зарарни баҳоловчи ташкилотлар билан рақобат муҳити юзага келади;

* амалиётда кластерлар ва фермер хўжаликлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчилар ўртасида етказилган зарарни баҳолаш механизми жорий этилади;

* қишлоқ хўжалиги ер майдонлари битта мулк эгасидан бошқа мулк эгасига ўтганда етказилган зарарни қоплаш масалалари ва мавжуд коперациялар ўртасида етказилган зарарларни аниқлаш билан боғлиқ зарарларни мавжуд бозор нарҳларидан келиб чиқиб аниқлаш механизмлари шакллантирилади.

      

Худоёр МАШАРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Ҳуқуқий-таъминлаш ва халқаро-ҳуқуқий муносабатлар бўлими бошлиғи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech