Ру Ўз O`z En

Қонун талабларини бузган чорвачилик хўжаликлари огоҳлантирилди

6 Август 2020 2871

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида”ги Низомга асосан Инспекциянинг Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича асосий вазифалари белгилаб берилган.

Шунга кўра, Инспекциянинг Булунғур туман бўлими томонидан туманда мавжуд наслчилик хўжаликлари, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига қарашли зооветеринария шахобчалари ҳамда ҳудудий “Чорванасл” марказининг Булунғур туман бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар ўрганиб чиқилди.

Бугунги кунда, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан тумандаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида 18 та ветеринария шахобчалари томонидан ветеринария хизмати олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 ноябрдаги 52-сонли йиғилиш баёнида ҳар бир туманда замонавий сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил этиш ва ишга тушириш топшириғи берилган бўлсада, туманда бугунги кунга қадар бирорта ҳам янги сунъий уруғлантириш пункти ташкил этилмаган. Фаолият кўрсатаётган 18 та шахобчалар ҳам талабга жавоб бермайди, туманнинг “Ипак йўли” МФЙ ҳудудида жойлашган З.Машъал ветеринария шахобчаси эса авария ҳолатида.

Бундан ташқари, мавжуд шахобчаларнинг бирортасида ҳам микроскоп ва музлатгичлар мавжуд эмас, 8 та шахобча Дьюар идиши билан таъминланмаган.

Ветеринария шахобчаларида сунъий уруғлантириш бўйича журнал ва китоблар мавжуд бўлсада, ветеринария врачлари томонидан ушбу китобларга амалга оширилган ишлар тўлиқ киритилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги 748-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, тумандаги чорвачилик хўжаликларида мавжуд ҳайвонларни идентификация қилиш учун 22 та шартнома тузилган ҳамда шартномага асосан 11 та пул кўчирган хўжаликлардаги 434 бош ҳайвонлар идентификация қилиниб, давлат рўйхатига олинган.

Бугунги кунда Булунғур туманида 7 та қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, ушбу хўжаликларда жами 449 бош наслли мол, шундан 179 бош сигир мавжуд. Наслчилик хўжаликларига жами 312,1 гектар шундан, 203,6 гектар сувли ер майдонлари ажратилган.

Тумандаги наслчилик хўжаликларида жами 355 шартли мол бош сони бўлиб, ҳар бир шартли мол бош сонига ўртача 0,57 гектар сувли ер майдонлари тўғри келади.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида “Азиммурод Боймуродов даласи” фермер хўжалигидаги жами 51 шартли мол бош сонига 32 гектар сувли ер майдони ажратилганлиги аниқланди. Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига асосан, наслчилик йўналишидаги хўжаликларга ҳар бир шартли мол бош сони учун 0,50 гектар сувли ер майдони ажратилиши кўрсатилган бўлсада, ушбу фермер хўжалигига ҳар бир шартли мол бош сонига 0,63 гектар ер майдони ажратилган. Яъни меъёрга нисбатан ҳар бир шартли молга 0,13 гектар ер майдони кўп ажратилгани аниқланди.

Шунингдек, “Янги қишлоқ” фермер хўжалигидаги жами 18 шартли мол бош сони бўлиб, унга 17,1 гектар сувли ер майдони ажратилган. Бу билан Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддаси талаблари қўпол тарзда бузилган. Яъни, қонунга биноан чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигини ташкил этиш учун камида 30 шартли мол бош сони талаб этилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу фермер хўжалигидаги хар бир шартли молга меъёрга нисбатан 0,45 гектар кўп ер майдони ажратилган.

Бундай ҳолатни “Хазрат бобо” ҳамда “Мустафоқул полвон даласи” фермер хўжаликларида ҳам кузатиш мумкин.

Шунингдек, “Нуриддин-А” фермер хўжалигида жами 30 шартли мол бош сони мавжуд бўлиб, ушбу фермер хўжалигига 12,4 гектар сувли ер майдони ажратилган. Мазкур ҳолатда юқоридаги қонун талаблари бузилганлиги маълум бўлди.

Жумладан, ушбу фермер хўжалигида хар бир шартли мол боши сонига 0,41 гектар яъни меъёрга нисбатан ҳар бир шартли молга 0,09 гектар ер майдони кам ажратилган.

Бундай ҳолатни “Равотхўжа” фермер хўжалигида хам кузатиш мумкин. Фермер хўжалигидаги 52 шартли мол бош сонига 0,26 гектардан жами 13,6 гектар сувли ер майдони ажратилган. Бу ерда хўжаликдаги хар бир шартли мол бош сонига 0,24 гектар ер майдони кам ажратилганлиги аниқланди.

Наслчилик хўжаликларининг 2 тасида, яъни “Янги қишлоқ” ва “Мустафоқул полвон чорваси” фермер хўжаликларида сунъий уруғлантириш пунктлари мавжуд, қолган хўжаликларда эса сунъий уруғлантириш пункти ҳамда мутахассислари мавжуд эмас.

Бундан ташқари, “Азиммурод Боймуродов даласи” фермер хўжалиги наслчилик йўналишида фаолият юритсада, айни вақтда хўжаликда мавжуд қорамоллар умуман талабга жавоб бермайди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Булунғур туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбарига огоҳлантирув, “Равотхўжа”, “Мустафоқул Полвон даласи”, “Хазрат бобо” ва “Нуриддин-А” фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

 

Улуғбек Яхшимуродов, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори

 

Text to speech