Ру Ўз O`z En

Қонуний талабга бўйсунмаган фермер иши судга оширилди

3 Август 2020 1966

Инспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси Конимех тумани бўлими томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш юзасидан тадбирлар ўтказилиб, аниқланган қонунбузилишлар бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, ўтган 6 ой давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида фермер хўжаликлари ва бошқалар томонидан ер майдонларига ноқонуний қурилмалар ўрнатилганлиги, ердан самарасиз фойдаланилганлиги ва бошқа бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, тумандаги “Шўртепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Момиқчи обод” фермер хўжалиги раҳбари хўжалик майдонига ноқонуний қурилма қуриб фойдаланиб келган. Фермер туман инспекторлари томонидан бу қурилмани ўз ҳисобидан бузиш бўйича расман огоҳлантирилганига қарамай талабга бўйсунмаган ва ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тааллуқлилиги бўйича туман маъмурий судига юборилган.

- Назорат тадбирларида ваколатимиз доирасидаги ҳар бир камчиликни аниқлаб, уни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Инспекция туман бўлими катта инспектори Улуғбек Тоштемиров. – Олиб борилган ўрганиш ва текширишларда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжаликлари эгалари, ер участкасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини ёмонлашишига ва тупроқ унумдорлиги пасайишига олиб келган хўжалик фаолиятини юритганлиги учун уларга нисбатан ҳам қатъий чоралар кўрилди. Масалан, туманнинг “Ҳ.Олимжон” ҳудудидаги “Аймикен”, “Шўркўл” ҳудудидаги “Русланжон Хондамир келажаги” фермер хўжалиги раҳбарларига нисбатан МЖтКнинг 65-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тааллуқлилиги бўйича туман маъмурий судига юборилди. Шу билан бирга назорат тадбирларимиз давомида соҳага оид қонунчилик юзасидан ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Инспекция вилоят бошқармасининг 2020 йил 14 майдаги 8-сонли буйруғига асосан туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида туман агроинспекция инспекторлари томонидан “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжаликларидаги ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш учун тузилган шартномалар шартларига риоя этилиши” бўйича текшириш ўтказилди. Натижада бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйган туман ер ресурслари ва давлат кадастрининг масъул ходимига нисбатан Инспекциянинг вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига қатъий чора қўллаш юзасидан тақдимнома киритилди.

Бундан ташқари туман ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сон Фармони ижроси аҳволи ўрганилди. Бу борада ҳам қатор камчиликларга йўл қўйган мутасадди ташкилотлар ва ердан фойдаланувчилар аниқланиб, уларга нисбатан қаътий чоралар кўриш юзасидан туман ҳокими ўринбосарига тақдимнома киритилди.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech