Ру Ўз O`z En

Қўшработ тумани фермерлари етиштирган узум маҳсулотларини майиз қилиб экспорт қилинишида “Ўзагроинспекция” амалий ёрдам кўрсатмоқда

28 Июль 2022 1604

Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларида ўз харидорларини топиб улгурган қуритилган мевалари ичида, айнан майиз маҳсулотларига бўлган талаб ошиб бормоқда.

Маълумки, иқлимимиз узум қуритиш учун ниҳоятда қулай ҳисобланади. Мамлакатимизда иссиқ ёзнинг давомийлиги, нисбий намликнинг паст бўлиши, аъло сифатли майиз навларини етиштиришга, қуёшли очиқ ҳавода ва сояда мева қуритиш усулларидан кенг фойдаланишга, кам маблағ сарфлаб юқори сифатли маҳсулот олишга имкон беради.

Қўшработ туманида ҳам майиз экспорти кундан-кунга ривожланиб бормоқда.

Жумладан, туманда фаолият юритиб келаётган “Қўрғон жилваси” фермер хўжалигида 17,5 гектар узум боғлари парваришлаб етиштириб, ўтган йиллар давомида халқимиз бозорларига сифатли майиз маҳсулотлари етказиб келмоқда. Тумандаги “Қўрғон жилваси” фермер хўжалиги халқаро тоифадаги ISO4500:2018, ISO9001:2015, ISO2200 сертификатларини қўлга киритган.

“Ўзагроиспекция”нинг Қўшработ тумани бўлими томонидан қуритилган меваларнинг сифати, экспортбоплиги юзасидан узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларга муҳим тавсиялар бериб келинмоқда. Айни мана шундай тавсиялар натижаси ўлароқ “Қўрғон жилваси” фермер хўжалиги ўтган 2021 йилда майиз маҳсулотларидан 20 тонна Қозоғистон давлатига, 31 тоннаси эса Россия Федерациясига экспорт қилишга эришилди.

Жорий йилда туманимизда фаолият юритиб келаётган узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан эса ушбу кўрсаткичларни янада кўпайтирган ҳолда хусусан Қозоғистон давлатига 25 тонна ва Россия Федерациясига 50 тонна ҳамда бошқа хорижий мамлакатлар бозорларини сифатли майиз билан таъминлаш режалаштирилган.

 

Алишер Ачилов, “Ўзагроиспекция”нинг Қўшработ туман бўлими бошлиғи

Text to speech