Ру Ўз O`z En

Самарқандда 16 минг гектардан ортиқ ер майдони сув тежамкор технологиялар орқали суғорилмоқда

10 Сентябрь 2020 2381

Аксар ривожланган давлатлар сув тақчиллигини бартараф этиш юзасидан кескин чоралар кўраётгани барчага яхши маълум. Шу мақсадда сув истеъмоли меъёрининг қатъий тартиби жорий этилиб, қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотлари етиштиришда сув тежамкор ускуналар, инновацион технологиялардан фойдаланилмоқда.

Бу борада мамлакатимизда ҳам қатор эътиборли лойиҳалар амалга оширилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси кенг қўлланиляпти.

Айтиш лозимки, Республикамизда сув тежамкор ускуналардан фойдаланганлик учун имкониятлар яратилиб, замонавий технологиялар жорий этган қишлоқ хўжалиги корхоналарига кўпгина ва имтиёзлар берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499 - сонли қарори шулар жумласидандир.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу кунга қадар Самарқанд вилоятида 4 минг 40 гектар пахта, 10 минг 639 гектар боғ, 814 гектар ток, 941 гектар ёнғоқ, 418 гектар сабзавот ва полиз экинлари жами 16 минг 848 гектар ер майдонида сув тежамкор инновацион технологиялар жорий этилган.

Томчилатиб суғориш усули экиннинг эҳтиёжига мос миқдордаги сувни бевосита унинг илдиз қатламига етказиб беришга мўлжалланган мухандислик усулидир. Бу усулда суғоришда экиннинг илдиз қатламида доимий бир ҳил намлик шароити яратилади ва экиннинг стресс ҳолатга тушиши сабаблари бартараф этилади. Экинга ўзига керакли бўлган вақтда сув ва озиқа олиш имконияти яратилади ва натижада экин ўз энергиясини фақат ҳосилни кўпайтириш учун сарфлайди.

Томчилатиб суғорилганда сув бутун далага эмас, балки даланинг экин етиштирилаётган қисми, яъни экиннинг илдиз қатламига сув ва озиқ моддалар билан бирга эритилган холда етказиб берилади.

Бундай шароитда сув ҳам, озиқ моддалар ҳам беҳудага исроф бўлмай, экинга тўлиқ етиб боради. Даланинг барча қисмидаги экинлар бир ҳилда сув ва озуқа олади ва даланинг барча қисмларида барча экинлар бир ҳилда ривожланади. Томчилатиб суғорилганда табиий суғориш усулига нисбатан сув экин турига қараб 20% дан 50% гача тежалади.

Кўчма эгилувчан қувурлар полиэтилендан ясалган юмшоқ қувур кўринишидаги шланглар тизими бўлиб, улардан асосан, эгатлаб суғориладиган экинларни суғоришда фойдаланилади. Одатда кўчма эгилувчан қувурларни эгат олиб экиладиган бир йиллик, хусусан, ғўза, ғалла, пиёз, кунгабоқур, лавлаги, маккажўхори каби экинларни суғоришда қўллаш яхши самара беради.

Қишлоқ хўжалиги экинлари кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилганда, ўқариқ ва шоҳариқлардан сувнинг тупроққа шимилиб исроф бўлишининг олди олиниб, сув барча эгатларга бир ҳилда таралади.

Инспекциянинг Булунғур туман бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув тежамкор ускуналардан фойдаланиш, замонавий технологияларнинг авзалликлари юзасидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Кўрилаётган чоралар эса тез орада ўзининг ижобий самарасини кўрсатяпти.

Туманда 6 минг 566 гектар майдонда боғ ва токзорлар мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 952 гектарида томчилатиб суғориш техналогиялари жорий этилган. Шунингдек, 22 та фермер хўжаликлари томонидан қарийиб 300 гектар экин ер майдонлари кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғорилмоқда.

Бу борадаги тадбирларни янада кенгайтириш мақсадида боғдорчиликка ихтисослашган 170 гектар, 200 гектар токзор ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини томчилатиб, 400 гектар майдонларни кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш режалаштирилмоқда.

Демак, томчилатиб, ёмғирлатиб ҳамда полиэтилен шланглар орқали суғориш орқали нафақат сув ресурслари тежалади балки, ҳосилдорлик ортади. Натижада аҳолини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш билан бир қаторда чет давлатларга экспорт қилиш имконияти яратилади.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

 

Text to speech