Ру Ўз O`z En

Самарқандда ғалла парваришини кечиктирган 365 нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари огоҳлантирилди

26 Январь 2021 1988

Самарқандлик кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар томонидан бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштиришда ўзига хос мактаб яратилган. Айни кунларда 4 минг 470 та фермер хўжаликлари томонидан 94 минг 230 гектар сувли майдонга экилган кузги бошоқли дон экинларини парваришлаш юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда.

Кузги бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини янада ошириш, қабул масканларига сифатли дон маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида қишнинг қировли кунларида ҳам далаларда иш унумдорлиги сусайгани йўқ.

“Ўзагроинспекция”нинг марказий аппарати, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва бўлимлари томонидан ҳар гектар ҳисобига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш, бошоқли дон экинларини азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳамда кузги бошоқли дон экинларининг ҳолати таҳлилий равишда ўрганилди.

Ўрганишлар давомида, вилоятда 86 минг 57 гектар майдондаги бошоқли дон экинлари тўлиқ униб чиққанлиги аниқланди. Ўсиш даври бўйича, 16 минг 356 гектар майдондаги экинлар ривожланишнинг биринчи фазасида, 23 минг 533 гектарда бошоқли дон экинларида 3-4 чин барглар мавжудлиги, 46 минг 168 гектар майдондаги ғалла экинлари қишки тиним даврига туплаш фазасида кирганлиги аниқланди.

Аммо, ўтказилган ўрганишлар давомида, бошоқли дон экинлари парваришида агротехник тадбирларни амалга ошириш юзасидан бир қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги маълум бўлди.

Жумладан, вилоятда 644 та фермер хўжаликлари томонидан экилган 10 минг гектардан ортиқ ғалла майдони “қолоқ” деб топилиб, 2 минг 534 та фермер хўжаликларида бошоқли дон экинлари тупламаганлиги аниқланди.

Ғалла парваришида юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ва сифатли бартараф этиш юзасидан, инспекция марказий аппарати ишчи гуруҳи томонидан 365 нафар фермер хўжаликлари раҳбарлари огоҳлантирилиб, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан малакали тавсиялар берилди.

Юқоридаги тавсияларга амал қилинса, кузги бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил олишга пухта замин яратилади.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech