Ру Ўз O`z En

Сирдарёда 18 087 гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияси жорий қилинади

7 Апрель 2021 2827

Президентимиз томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сон қарорида таъкидланганидек, тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда. Бу борада Сирдарё вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш кераки, 2021 йил вилоят бўйича жами 18 087 гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий этилиши режалаштирилган. Шундан, 17 937 гектар томчилатиб суғориш, 50 гектар ёмғирлатиб суғориш ва 100 гектар дискрет суғориш технологиялари жорий этилади. Сув тежовчи ускуналарни харид қилиш учун тегишли ташкилотлар билан 142 та шартномалар тузилган бўлиб, шундан 125 та фермер хўжаликлари ва 17 та кластер ташкилотларидир. Бунинг учун вилоят бўйича фермер ва тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 246 миллиард 162 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Бугунги кунда 80 та фермер ва тадбиркорлар томонидан 10 194 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Вилоят бўйича 2021 йилда пахта хомашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш юзасидан ҳам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, 17 500 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирган бўлиб, бугунги кунда 77 та фермер ва кластерларнинг 6 195 гектар пахта экиш майдонларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 3 та фермер хўжаликларга қарашли 50 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида эса ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатилиши режалаштирилган.

Сардоба туманида 2 412 гектар майдонда 2021 йилда пахта хомашёси экин майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, айни даврда тумандаги 552 гектар гектар майдонда томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилмоқда.

Жумладан, туманнинг “Шомирзабой” фермер хўжалигининг 62 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатиш ишлари бошланди. Бунинг учун тижорат банки кредити асосида 1 миллиард 550 миллион сўм молиялаштирилди. Шартномага кўра, сифатли полиэтилен қувурлар олиб келтирилиб, 62 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Мазкур Президент қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилган майдон эгаларига субсидиялар ажратиш ва берилган субсидияни қайтариш тартиби белгиланган - дейди “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Баходир Мамиров. -Унга кўра, пахта ва узум плантацияларининг ҳар бир гектарига – 8 миллион сўмгача, мевали экинларга – 6 миллион, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларга – 2,5 миллион, сабзавот экинлари ва картошкага - 1,5 миллион, полиз экинларига – 1,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратиш белгиланган. Яна шуни таъкидлаб ўтиш кераки, сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилиб субсидия олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ушбу технологияни:

биринчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 100 фоиз;

иккинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 80 фоиз;

учинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 60 фоиз;

тўртинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 40 фоиз;

бешинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 20 фоиз қисмини субсидия берган вазирлик ва идорага белгиланган тартибда қайтаради.

Агар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ушбу технологияни беш йил давомида тўлиқ фойдаланса берилган субсидия унда тўлиқ қолдирилади деб белгилаб берилган.

Вилоятнинг Боёвут туманида 2021 йилда 2608 гектар, Гулистон туманида 1495, Мирзаободда 2243, Оқолтинда 3306, Сардобада 2462, Сайхунободда 1929, Сирдарёда 2001 ва Ховос туманида эса 2043 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб суғориш жорий этилади. Бугунги кунда фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан пахта майдонларида сув тежовчи ускуналарни ўрнатиш учун ҳовузлар қазилиб, зарур бўлган маҳсулотлар - ер ости қувурлари, лента, фильтр, насос ва бошқаларни пудратчи ташкилотлар билан шартнома асосида олиб келиб қуриш ишлари давом этмоқда.

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан сув тежовчи технологияларни олиб келиб ўрнатиш, шартномаларни расмийлаштириш ва бошқалар назорат остига олинган.

Шубҳа йўқки, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувни исроф қилмаслик, тежаш, шу билан бирга ҳосилдорлик чўғи баланд бўлиши мақсадидаги бу каби саъй-ҳаракатлар халқимиз фаровонлиги, юртимиз ободлиги йўлидаги эзгу қадамлардан биридир.

 Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.

Text to speech