Ру Ўз O`z En

Сувга доир муносабатлардаги қонунбузилишлар учун 229 та ҳолатда ҳужжатлар судларга киритилди

9 Апрель 2021 1842

“Ўзагроинспекция” томонидан сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланиши ҳамда сувнинг ҳисоб-китоби юритилиши юзасидан жойларда мақсадли ўрганишлар ўтказилди.

Маълумки, сувга доир муносабатлар “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган сув тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, жойларда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун амалга оширилаётган сувга доир муносабатларда мазкур тартиб талабларига риоя этилаётганлиги “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан ўрганилиб келинмоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг март ойида “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жойларда белгиланган тартибда ўтказилган ўрганишларда жами 4485 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳисобида бўлган ирригация тизимларида 425 та сув олиш жойларидаги сувни бошқариш воситалари, 305 та сув олиш жойларидаги сув ўлчаш воситалари носозлиги, 204 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби журналлари юритилмаганлиги ҳамда 295 та сув олиш жойларида журналлар хатоликлар билан юритилганлиги аниқланди.

Мисол учун, “Зомин” ирригация тизим бошқармаси ҳисобидаги “Р-2-4-б”, Учқўрғон туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Учқўрғон” каналининг “ПК21+50”, Пахтачи туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Сувли” каналининг “ЛВ-01-03”, Боёвут туман ирригация бўлими ҳисобидаги “ПР-2” каналининг “ПК-00-22”, Касби туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Хўжахайрон” каналининг “ПК-42”, Оққўрғон туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Маргуненко” каналининг “ПК12+25”, Бувайда туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Картан” каналининг “Янги ариқ”, Кармана туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Чап Қирғоқ” каналининг “Қўш ариқ”, Қўшкўпир туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Хонобод-1” каналининг “ПК-1+00” сув олиш жойлари сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган.

Шунингдек, Вобкент туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Коми Касаба” каналининг “Дейдароз”, Ромитан туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Қоқиштувон” каналининг “Пиёзкор”, Жондор туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Жўйзар” каналининг “Кўлиён”, Пастдарғом туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Р-6” каналининг “Кунгабоқар”, “Нарпай” ирригация тизим бошқармаси ҳисобидаги “Нарпай” каналининг “71-А”, Касби туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Хужайхайрон” каналининг “ПК-32” сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби журналлари юритилмаган.

Бундан ташқари, Сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 1116 та сув олиш жойлари сувни бошқариш, 836 та сув олиш жойлари сув ўлчаш воситалари билан жиҳозланмаган. 559 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби юритилмаганлиги, 594 та ҳолатда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида сув истеъмоли бўйича шартномлар тузилмаганлиги аниқланди.

Мисол учун, Тахтакўпир туманидаги “Жанасбек шаруа”, Асака туманидаги “Асака бўрдоқи чорва”, Арнасой туманидаги “Арнасойлик Шухрат”, Учқўрғон туманидаги “Фозилжон Фазлиддин”, Норин туманидаги “Тегирмонбоши”, Янгиқўрғон туманидаги “Нодирбек”, Оқдарё туманидаги “Пичоқли Саидхон далалари”, Пайариқ туманидаги “Туркистон дала”, Денов туманидаги “Ферузбек”, Яккабоғ туманидаги “Юлдошев Сардор Дилмуродович”, Касби туманидаги “Экспрес дон”, Учкўприк туманидаги “Муҳаммадрасул Камолат боғи”, Қизилтепа туманидаги “Зарафшон кони балиқчи” каби фермер хўжаликлари томонидан шартномасиз сув истеъмол қилиниб, келинаётганлиги аниқланди.

Ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 784 та (294 млн.сўм) маъмурий, 408 та (507,3 млн.сўм) жарима санкциялар қўлланилди. 229 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишлик учун тўпланган ҳужжатлар судларга киритилиши таъминланди.

Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 606 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 2444 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.

Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.

 

"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув

ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech