Ру Ўз O`z En

ТЎҚСОНБОСТИ ЭКИНЛАРИ ЭКИЛИШИ ИНСПЕКЦИЯ НАЗОРАТИДА

23 Сентябрь 2020 2900

"Ўзагроинспекция"нинг Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан тўқсонбости экинларни ўз вақтида кечиктирмай экилиши ва бу борада бепарволикка йўл қўймаслиги учун зарурий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Хусусан, вилоятнинг Қизилтепа туманида баъзи фермер хўжаликларида боғ-ток орасига пиёз, саримсоқпиёз экиш ишлари якунланган бўлсада, айримларида давом этмоқда. Маълумот ўрнида, туманда 2021 йил ҳосили учун 2020 йилнинг август-сентябрь ойларида 56 гектар пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида 471 гектар, жами 252 та фермер хўжаликларининг 527 гектар майдонига сабзавот экилиши режалаштирилган. Туман инспекция ходимлари ҳудудма ҳудуд юриб, ер тайёрлаш, уруғ танлаш ва бошқа тавсияларни берган ҳолда фермерларни тўқсонбости экинларини кечиктирмай экиш бўйича назорат тадбирларини ўтказишмоқда.

Айтиш керакки, ердан унумли фойдаланиш мақсадида қўшимча даромад манбаи сифатида қаралаётган пиёз, саримсоқпиёз, кўкат ва сабзавотларни экишга деҳқонларнинг ўзида ҳам қизиқиш ортиб бормоқда.

Жумладан, туманнинг “Бўстон” ҳудудида жойлашган “Амирбек-Аброрбек келажаги” фермер хўжалигига 20 сотих боғ-қатор орасига тўқсонбости экинларини экиш режа қилиб берилган бўлиб, бугунги кунда 10 сотих саримсоқпиёз, 5 сотих пиёз ва 5 сотих майдонга кўкатлар экилиши муддатидан олдин бажарилди.

Қолаверса, экиш режасини кечиктирилмай адо этилишида туман инспекция ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Фермер хўжалиги раиси Абдулло Акрамовнинг таъкидлашича, эрта баҳорда етиладиган ҳосил нафақат рўзғорга асқотади, балки маҳаллий бозор расталарини ҳам тўлдиради. Ҳосил қанча мўл бўлса, даромадининг чўғи ҳам шунча баланд бўлади.

Тумандаги “Аҳрор-Исмат-Жаҳонгир” фермер хўжалиги боғ-қатор орасига, яъни 26 сотих майдонига тўқсонбости усулида экин экиши кўзда тутилган бўлиб, бу ерда ҳам бугунги кунда ер тайёрлаш ва уруғ қадаш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, 10 сотих майдонга саримсоқпиёз, 6 сотихига пиёз, 5 сотих ерга кўкатлар уруғлари сепилган. Қолган майдон яна пиёз экиш учун тайёрлаб қўйилган.

Тумандаги 252 та фермер хўжаликларида август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида экспортбоп сабзавот экинларини экиш ҳисобига жами 11 минг 770 тонна, шундан, 11 минг 477 тонна пиёз, 164 тонна саримсоқпиёз, 22 тонна сабзи ва 107 тонна кўкатлар маҳсулотлари етиштирилиши кутилмоқда, - дейди “Ўзагроинспекция” Қизилтепа туман бўлими бошлиғи ўринбосари Ойбек Камолов. Ушбу етиштирилган маҳсулотларнинг 1135 тоннасини экспорт қилиш ва 10 минг 633 тоннасини ички бозорларга етказиб бериш режалаштирилган.

Шунингдек, ушбу экинларни экиш учун сарфланадиган 7 тонна пиёз, 22 тонна саримсоқпиёз, 0.001 тонна сабзи ва 0.1 тонна кўкат уруғлари мавжудлиги туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, фермер хўжаликлари ва таъминотчи корхоналарда заҳираси яратилиб, буюртмаларга асосан фермер хўжаликларига етказиб берилиши таъминланмоқда. Бундан ташқари, инспекторларимиз билан тўқсонбости усулида экин экиш режасига киритилган фермер хўжаликларида бўлиб, ўз вақтида назорат тадбирларини олиб боряпмиз. Ҳозирги кунда инспекторларимиз томонидан муддатида экилишига, сифатли уруғ танлашга аҳамият қаратилган бўлса, келгусида ушбу майдонларда экилган экинлар парвариши ва уларни униб-ўсиши ҳам назоратимизда бўлади.

Бундан ташқари, Вилоятнинг Навбаҳор туманида ҳам “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлими инспекторларининг назорати остида тўқсонбости усулида экиш тадбирлари олиб борилмоқда.

Хусусан, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида бу борада аниқ бир иш бажармасдан, сусткашликка йўл қўяётган фермерларга инспекторлар томонидан огоҳлантириш хатлари берилмоқда. Жумладан, “Навбаҳор агро инвест”, “Рўзи биби Али қизи”, “Умид Азиз боғи”, “Холиқул Мирзо” ва бошқа фермер хўжаликларида пиёз экилган бўлиб, саримсоқпиёз учун ер тайёрланмаган, айримларида уруғ келтирилган бўлса-да, экиш ишлари орқага суриб келинган.

Инспекторларимиз саъй-ҳаракатлари билан огоҳлантирилган фермер хўжаликларида тўқсонбости усулида экиш учун ер тайёрланиб, экиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этиляпти, - дейди “Ўзагроинспекция” Навбаҳор туман бўлими бошлиғи ўринбосари Бобур Пайзиев.

Жумладан, тумандаги “Шамсиддин боғбон” 0,5 гектар майдонга саримсоқпиёз, 0,5 гектар майдонга пиёз экилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда экиш ишлари тўлиқ амалга оширилиб бўлинди. Шунингдек, “Соҳиб Севди” боғдорчилик фермер хўжалигида ҳам 0,5 гектар майдонга саримсоқпиёз ва яна шунча майдонга пиёз экилиши режага киритилиб, ушбу майдонларда тўлиқ тўқсонбости экинлари экилиши таъминланди.

Тўқсонбости усулида экиш – даромад манбаи. У бир йилда ердан бир неча марта мақсадли фойдаланиш билан бирга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи омиллардан ҳам биридир. Шу боис Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан тўқсонбости экинларини сифатли ва кечиктирмай экиш бўйича назорат тадбирлари қизғин давом эттирилмоқда.

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

 

 

 

Text to speech