Ру Ўз O`z En

Тошкент вилояти: қонунбузилишларга йўл қўйганлик учун огоҳлантиришлар берилмоқда

22 Июль 2022 1479

Инспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси “Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология” бўлими томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида Тошкент вилояти ҳудудида фаолият юритаётган агросаноат мажмуига кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатларнинг талаблари бажарилишига риоя этилаётганлигини ўрганиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ҳисобот даврида жами 49 та профилактика тадбирлари ўтказилган бўлиб, аниқланган камчиликлар юзасидан 23 та огоҳлантириш, 15 та ёзма кўрсатма ва 11 та маъмурий баённомалар тузилган.

Шундан, “Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти”, “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги”нинг Оққўрғон тумани бўлими ҳамда Ўртачирчиқ туманида фаолият юритиб келаётган бир қатор фермер хўжаликларига жумладан, тумандаги  “Мирзакаримов Тешавой ота”, “Истиқлол”, “Турон” фермер хўжаликлари ва “REAL AGRO COTTON” МЧЖ кластер раҳбарларига нисбатан меъёрий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминлаш юзасидан 6 та ёзма кўрсатмалар берилди.

Қуйичирчиқ, Бўка, Паркент ва Оҳангарон туманлари ҳамда Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида “Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат маркази”нинг ветеринария санитария экспертиза лабораторияларидаги мавжуд электрон тарози ва pH метрлар Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни талабларига асосан ўз вақтида давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги сабабли, лаборатория масъул ходимларига нисбатан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича маъмурий иш қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 213-моддасига асосан 6 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, Ўртачирчиқ туманида пиллачилик фаолияти билан шуғулланаётган “TURON SILK PRO” МЧЖга ёзма кўрсатма берилди ҳамда Оққўрғон, Қуйичирчиқ ва Пискент туманларидаги “Олтин пилла” МЧЖ, “ТСТ агро кластер” МЧЖ ва “JINJUZ SILK Cо” МЧЖларга қонун талабларини бузишга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантиришлар юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Генетика ва ўсимликларнинг экспериментал биологияси институти” лабораторияларидаги мавжуд электрон тарози ва pH метрлар Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни талабларига асосан ўз вақтида давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги сабабли, лаборатория бошлиқларига нисбатан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича маъмурий ишлар қўзғатилди.

“Ўсимликлар генетик ресурслари илмий тадқиқот институти” директори номига меъёрий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминлаш юзасидан ёзма кўрсатма берилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти “Чирчиқ-Оҳангарон” ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялар ва энергетика бошқармасининг Чиноз, Янгийўл ҳамда Зангиота туман бўлимларидаги мавжуд ўзгарувчан ва ўзгармас ток кучини ўлчаш воситалари Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни талабларига асосан ўз вақтида давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги сабабли, масъул ходимларга нисбатан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича маъмурий ишлар қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 213-моддасига асосан 3 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖда 1та электрон тарози Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни талабларига асосан ўз вақтида давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги сабабли, масъул ходимга нисбатан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича маъмурий иш қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 213-моддасига асосан 1 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Оҳангарон дон” АЖнинг Омухта-ем лабораториясида кунлик 43-шакл, яъни Сифат гувоҳномаси ёзиб борилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги  қонуни талаблари бузилганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 212-моддасига асосан 2 нафар ходимига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Инспекция томонидан бу каби, назорат тадбирларининг амалга оширилиши аҳоли ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш, сифатли маҳсулотлар сотилишини таъминлаш ҳамда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилмаслигини таъминлашдан иборат.

Д. Убайдуллаев, “Ўзагроинспекциянинг Тошкент вилоят бошқармаси “Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология” бўлими бош инспектори                          

Text to speech