Ру Ўз O`z En

Тошкент вилоятида 30 минг бош наслли қуён зотлари кўпайтирилмоқда

27 Июль 2022 1665

Ўзбекистонда чорвачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда алоҳида ўринга эга.

Ушбу тармоқнинг қишлоқ хўжалигидаги ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 46,3 фоизни ташкил қилади. Қуёнчилик чорвачиликнинг бир тармоғи сифатида асосан аҳоли хонадонларида кўпайтирилиб, бу соҳа билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари сони жуда озчиликни ташкил қилади.

Чорвачилик қишлоқ аҳолиси учун озиқ-овқат ва даромад олишнинг муҳим манбаига айланиб бормоқда. Озиқ-овқатга талаб ортиб бораётган ушбу кунларда мазкур соҳа самарадорлигини ва рақобатдошлигини янада ошириш вазифаси муҳим аҳамият касб этади.

Қуён кўп бола бериши ва тез етилувчанлиги билан бошқа қишлоқ хўжалик ҳайвонларидан ажралиб туради. Маҳсулот етиштирилишига кўра қуёнлар 3 турга бўлинади: гўшт, гўшт-тери (мўйна) ва юнг олинадиган қуёнлар.

Ҳар бир она қуёндан йил давомида 5-6 марта бола олиш мумкин. Бу эса 70-80 кг гўшт ва 25-30 дона сифатли мўйна демакдир. Гўшт, мўйнадан ташқари момиқ олинади. Қуён момиғи ингичкалиги, пишиқлиги, иссиқликни ўтказиш бўйича майин жунли қўйларнинг жунидан қолишмайди. 1кг қуён момиғидан 25 та бош кийимини тайёрлаш мумкин.

Ҳозирги вақтда юртимизда 60 дан ортиқ қуён зотлари боқилади.

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида 2019-2021 йилларда “Қуёнчилик ва наслчилик” комплексини ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, туман хокимлиги томонидан 2019 йил 25 декабрь куни 11 гектар ер майдони Беруний ҳудудидан қурилиш учун ажратилиб берилди.

 

2020 йил 24 декабрь куни туман ҳокимлиги томонидан заҳира ер майдонларидан 254,5 гектар ер майдони озуқа учун ажратилиб берилди.

2021 йилга келиб “Қуёнчилик ва наслчилик” комплекси қурилиш ишлари якунланиб, шу йил охирига “Италия” давлатидан 2 минг 500 бош биянка зотли қуёнлар келтирилди.

2022 йил бошида яна 3 минг бош наслли қуёнлар келтирилди ҳамда Украина давлатидан малакали мутахассислар жалб қилиниб, ҳозирда қуёнчилик селекцияси, яъни қуёнларни сунъий уруғлантириш ишлари йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, “Қуёнчилик ва наслчилик агро комплекс” МЧЖ таркибида қуён гўштини қадоқлаш, мўйна ва тери олиш, ҳамда қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган.

Ҳозирги кунга келиб, “Қуёнчилик ва наслчилик агро комплекс” МЧЖда 30 минг бош наслли қуён зотлари кўпайтирилмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан қуёнчиликка ихтисослашган корхоналарда қуёнларни сақлаш ва парваришлаш технологияларини қўлланиши ҳамда селекция наслчилик ишларидан самарали фойдаланиш, зот сифатини яхшилаш масалалари бўйича услубий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

 

   

А.БОЛТАЕВ, “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори

 Д.ЎКТАМОВ, Инспекциянинг Қуйи Чирчиқ тумани катта инспектори

Text to speech