Ру Ўз O`z En

Сув олиш жойларида сув ҳисобининг юритилиши Агроинспекция назоратида

22 Май 2023 1423

Президентимиз раҳнамолигида юртимизда сув маданиятини юксалтириш, сув хўжалигида ислоҳотларни жадаллаштириш, соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда. Экинларни суғоришда сув тежайдиган технологияни жорий қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Экин майдонларини томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериш билан ажралиб туради.

Томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини тежашда намоён бўлади. Бунга суғориш режимининг ўзига хослиги, буғланишнинг пастлиги, оби-ҳаётнинг беҳуда оқиб кетмаслиги туфайли эришилади, энг муҳими, томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада қаторлар оралиғига ишлов беришга эҳтиёж қолмайди. Тупроғи қотган майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади, меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари тежалади. Далада сувчиларнинг қўл меҳнати кескин камаяди. Жумладан: сув сарфи 40-50 фоизга тежалиб, ёнилғи миқдори 50-60 фоизга иқтисод қилинади, минерал ўғитлар самарадорлиги 25-30 фоизга ортади, меҳнат ресурслари, иш ҳақи харажатлари тежалади, ҳосилнинг пишиш муддати 15-20 кунга тезлашади, ҳосилдорлик 25-30 фоизга ортади.

"Ўзагроинспекция"нинг Оққўрғон туман бўлими ходимлари томонидан туманда мавжуд фойдаланилмайдиган тупроқ ўзанли суғориш тармоғини текислаш ҳисобидан яъни, ошиқча сувларни беҳудага оқишини олдини олиш мақсадида туманда 37.0 км узунликдаги қаровсиз ва кераксиз бўлган ички суғориш тармоқларини кўмилиши тўғрисида, ҳамда сувдан фойдаланувчи хўжаликлар томонидан 2023 йил ҳосили учун сувдан фойдаланишига доир шартномалар ўз вақтида расмийлаштирилиб туман адлия бўлимида рўйхатдан ўтказилиши доимий назоратга олинган.

Бундан ташқари Ҳукуматнинг 2021 йил 3 апрелдаги “Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолида сув ресурсларининг ҳисоби ва ҳисоботини ҳамда мониторингини юритиш тартибини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 174-сонли қарорининг 4 бандига асосан сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сувдан фойдаланиш, сув истеъмолчилари томонидан талабномаларни ўз вақтида берилиши, сув истеъмолида кундалик олинаётган сув ҳисобини юритилиши юзасидан назорат ўрнатилган.

Туманда сув ресурсларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳамон учраб бормоқда. Ирригация тизимларидан сув олиш қоидаларини бузиш, сувни хўжасизларча ишлатиш, унинг ҳисобини юритиш қоидаларига амал қилмаслик жавобгарлик келтириб чиқарганлиги сабабли қонуний чоралар кўриб борилмоқда. Сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик учун жойларда сув истеъмолчилари билан учрашувларда тарғибот ва ташвиқот ишларини ўтказилиши “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда Оққўрғон туман бўлими ходимлари томонидан алоҳида назоратга олиб борилмоқда.

З. Чиннибеков, “Ўзагроинспекция”нинг Оққўрғон туман бўлими бош мутахассиси  

Text to speech