Ру Ўз O`z En

Самарқандга ўтган 2021 йилда 7 минг 830 бош зотдор қўйлар келтирилган

18 Февраля 2022 3006

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4576-сонли қарори асосида, кластер корхоналари ва наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига четдан келтириладиган наслли қорамол, қўй ва эчкилар учун имтиёз берилиши уларнинг наслини яхшиланишига хизмат қилмоқда.

 

Мазкур қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида, “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан тизимли равишда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Самарқанд вилоятида 199 та қўйчилик йўналишидаги хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд бўлиб, улар томонидан 300 мингга яқин қўйлар парвариш қилинмоқда. Ўтган 2021 йилда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан 7 минг 830 бош зотдор қўйлар олиб келинди.

Жумладан вилоятнинг Қўшработ туманида бугунги кунда қўйчиликка ихтисослашган 1 та кластер ва 67 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларда 19 минг 421 бош қўйлар парвариш қилинмоқда.

Мазкур хўжаликларнинг 3 таси наслчиликка ихтисослашган хўжаликлар бўлиб, улар томонидан 3 минг 435 бош наслли қўйлар парвариш қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4576-сонли қарорига асосан, чет давлатлардан олиб келинган наслли қўй ва эчкиларнинг ҳар бир бошига 400 минг сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланди.

Мазкур имтиёздан фойдаланган Қўшработ тумани чорвадорлари томонидан биргина ўтган 2021 йилда Қозоғистон ва Қирғизистон давлатидан 3 минг 882 бош наслли ҳисори қўйлар олиб келинди.

Наслдор қўйлар туман иқлим шароитига тез мослашди. Уларнинг ҳар биридан сифатли ва наслли қўзи олиш мақсадида отарларга жайдари қўйлар аралаштирилмай боқилмоқда. Ҳисори қўйлар шунингдек, сергўштлиги билан алоҳида ажралиб туради. Боқилган қўчқорлар 80-90 килограммгача тош босмоқда. Инспекциянинг туман бўлими томонидан келтирилган ҳар бир бош наслли қўйларнинг ҳисоб-китоби қатъий равишда юритилмоқда. Айни кунларда чорвадорлар учун муҳим палла, тўл мавсуми бошланди. Ҳисори қўйларнинг аксарияти эгиз қўзилаяпти. Бу - чорвадор учун қўшимча даромад, қўйларнинг туёқ сони кўпаймоқда, деганидир,-дейди “Ўзагроинспекциянинг Қўшработ туман бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Холиқов.

Мамлакатимизда наслли қора мол ва қўй эчкилар учун субсидия маблағларининг берилиши, аҳоли арзон ва сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга.

Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech