Ру Ўз O`z En

Давлат хизматлари

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ҳақида нималарни билиш зарур?

Давлат назоратининг субъектлари - давлат ва хўжалик бошқарув идоралари, ҳамда мулкчилик шакли ва бирор идорага қарашлилигидан қатъий назар корхоналар ва ташкилотлар (юридик шахслар) ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар (жисмоний шахслар) ҳисобланадилар (яъни кимлар давлат ваколатли идоралари томонидан текширилиши мумкин).

Давлат назоратининг объектлари - давлат назорати субъектлари томонидан ўз ваколатлари доирасида хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти текшириладиган масалалар ҳисобланадилар (яъни текшириш пайти нималар текширилади).

Хўжалик юритувчи субъект(тадбиркорлик субъекти) - белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс.

Назорат қилувчи органлар - хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар.

Мансабдор шахс - ташкилий-бошқарув ёки маъмурий-хўжалик ваколатлари берилган ва масъул мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс.

Масъул мансабдор шахс – ҳокимият вакиллари; давлат корхонаси, муассасаси ёки ташкилотларида сайлаш ёки тайинлаш бўйича доимий ёхуд вақтинча ташкилий бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш билан боғлиқ лавозимларни эгаллаб турган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахслар; мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари, давлат бошқаруви юзасидан белгиланган тартибда ҳокимият ваколати берилган жамоатчилик вакиллари.

Текшириш - хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бир марта назорат қилиши.

Комплекс текшириш - бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текшириш.

Молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) - солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдан иборат текширув.

Режадан ташқари текшириш - назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда амалга ошириладиган йиллик (чораклик) текширишлар режасига киритилмаган текшириш (шу жумладан, қисқа муддатли текшириш).

Қисқа муддатли текшириш - назорат қилувчи органлар томонидан 1 иш куни давомида ўтказиладиган ва хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган текширув (кечки ва/ёки тунги вақтларда фаолият кўрсатувчи (текшириш кунининг соат 18-00 дан эртаси куннинг соат 6-00 гача) хўжалик юритувчи субъектларда қисқа муддатли текширишлар текшириш бошланган пайтдан бошлаб 8 соат давомида амалга оширилади).

Муқобил текшириш - операциялар бирлиги туфайли ўзаро боғлиқ бўлган ва турли хўжалик юритувчи субъектлардаги ёки бир хўжалик юритувчи субъектнинг турли бўлинмаларидаги ҳужжатларни таққослашдан иборат текширув.

Солиқ текшируви - давлат солиқ хизмати органлари томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса, прокуратура органлари томонидан амалга ошириладиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини текширишдир.

Камерал назорат – солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир.

Назорат тартибида текшириш - хўжалик юритувчи субъектларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.

Текширишларни рўйхатга олиш китоби - назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъект фаолиятини текширишлар тўғрисидаги ахборот киритиладиган расмий ҳужжат ҳисобланувчи текширишларни ҳисобга олиш махсус китоби.

 

Текширишнинг асосий тамойиллари:

Кўплаб тадбиркорларимиз ва ҳатто, ҳуқуқшуносларимиз текширишга оид тамойилларга риоя қилинишини фақатгина расмий ҳолат деб билиб, ушбу тамойилларнинг аҳамиятини ҳалигача етарли баҳолашмаган. Ривожланган давлатлар ва кўплаб ривожланаётган давлатларда, текширишга оид тамойилларни қонун меъёрининг асоси деб ҳисоблаб, қонундаги ҳар бир меъёрни ушбу тамойилларга зид бўлмаган ҳолда судлар томонидан қўллаб ва талқин қилиниб келинади.

Қонунийлик тамойили

Демократик жамиятнинг таркибий қоидаси ҳисобланади ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилиши лозимлиги демакдир, яъни текшириш жараёни аниқ қонунчиликда ўрнатилган тартиб бўйича амалга оширилиши талаб этилади.

Холислик тамойили

Текшириш ўтказаётган давлат назорати органи вакилининг текшириш (мазмунига) ёки текширилаётган хўжалик субъектига нисбатанхолис, беғараз муносабатда бўлиши лозимлиги. Демак, бу тамойилга асосан текширишга нисбатан тўғридан-тўғри ёки билвосита манфаатдор бўлган шахс текширувга қўйилмаслиги даркор.

Ошкоралик тамойили

Тадбиркорлар фаолиятини текшириш масалаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт. Барчанинг эътибори учун расмий эълон қилинмаган меъёрийҳуқуқий ҳужжатлар кучга киритилмаган ҳисобланади, ҳамда ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди ва текшириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, улардаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун бирон бир жазони қўллашга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик

Ҳар бир давлат назорати органига текширишни амалга ошираётганда қонунчилик меъёрлари ва текшириш учун асос бўлган ҳужжатлар билан ваколат берилган масалаларнигина текширишга рухсат берилади. Текширишга оид бўлмаган ҳужжатларни тадбиркорлик субъектидан сўрашга рухсат берилмайди.

Text to speech