Ру Ўз O`z En

123 минг гектар ғалла майдонларида агротехник тадбирларда камчиликларга йўл қўйилган

23 Март 2023 1164

Бошоқли дон экилган майдонларда экин ҳолатини инобатга олган ҳолда минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суспензия сепиш, суғориш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш юқори ва сифатли ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Республика бўйича бугунги кунда 1 млн 186 минг 381 гектар сувли майдонларда кузги бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда.

Ўзагроинспекция” томонидан ҳудудларда 2023 йил ҳосили учун ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши устидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Республика ҳудудларида эрта баҳорда азот тақчиллигининг олдини олиш мақсадида, ғалла майдонларини азотли минерал ўғитлар билан баҳорги биринчи озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланиб, ғаллани баҳорги азотли ўғитлар билан иккинчи озиқлаш ишлари бугунги кунда 922 минг 765 гектарда ёки 78 фоиз майдонда амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, ғалла майдонларининг туплаш, найчалаш ҳамда сут пишиш фазаларида ғаллани баргидан озиқлантириш юқори самара бериб, ривожини тезлаштиради ва бошоқдаги дон вазнини ҳамда ҳосилдорликни 3-5 центнерга оширади ва дон сифатини яхшилайди.

Ҳозирда Республикада парвариш қилинаётган ғалла майдонларининг 89 фоизида 1-суспензия сепиш ишлари ҳамда 15 фоизида 2-суспензия сепиш ишлари амалга оширилганлиги кузатилди.

Инспекция томонидан ҳудудларда ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилиб, ушбу тадбирлар давомида 10 минг 780 та фермер хўжаликларида 123 минг гектар ғалла майдонларида агротехник тадбирлар бажарилишида хато- камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида, туман ҳокимликларига, мутасадди ташкилот ва идораларга 290 та тақдимномалар киритилди, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига 13 минг 897 та огоҳлантириш хатлари ҳамда 3 минг 54 та бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди.

Ўзагроинспекция” томонидан, ҳудудларда 2023 йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўтказилиши доимий назоратга олиниб борилади.

"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалигида  Агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими

 

 

Text to speech