Ру Ўз O`z En

6та туманда давлат эҳтиёжларига дон топшириш шартномалари бажарилиши таъминланмаган

22 Июль 2020 2324

Республикада 2020 йил бошоқли дон ҳосилини етиштиришда йўл қўйилган камчиликларни келгусида бартараф этишга доир чора-тадбирлар қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада 2020 йил бошоқли дон ҳосилини етиштиришда йўл қўйилган камчиликларни келгусида бартараф этишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Жиззах вилоятининг Арнасой, Зафаробод, Пахтакор туманларида, Наманган вилоятининг Косонсой, Чуст, Янгиариқ туманларида давлат эҳтиёжларига дон топшириш шартномалари бажарилиши таъминланмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бошоқли дон етиштириш якунларини ҳар бир туман ва сектор кесимида таҳлил қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг 2020 йил ҳосилидан бошоқли дон етиштириш якунларини ўрганиш натижалари бўйича ахбороти, шунингдек, давлат эҳтиёжлари учун дон етказиб бериш бўйича тузилган контрактация шартномаларини бажармаган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари маълумот учун қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига, айниқса, Жиззах ва Наманган вилоятларининг 4 та сектор раҳбарларига 2020 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари парваришида агротехник тадбирларни амалга оширишда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги кўрсатиб ўтилади.

2020 йилда бошоқли дон ҳосилини етиштиришда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, агротехник тадбирларни белгиланган муддатда тўғри ташкил этмаганлиги, ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги учун:

а) Арнасой (Ж.Бердибоев) ва Чуст (Б.Ахунов) туманлари ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган;

б) Пахтакор (туман ҳокими Ш.Бобоев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Э.Ахмедов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Эргашов), Косонсой (туман ҳокими Б.Юсупов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ф.Мирзаев, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Нажмиддинов), Янгиқўрғон (туман ҳокими А.Нажмиддинов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Н.Мирзиахмедов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Аъзамхонов), Арнасой (туман солиқ инспекцияси бошлиғи Х.Умуров), Зафаробод (туман солиқ инспекцияси бошлиғи А.Исломов) туманларининг сектор раҳбарларига “ҳайфсан” эълон қилинади;

в) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Арнасой (Х.Газиев) ва Янгиқўрғон (Қ.Ахмаджанов) туманлари прокурорлари фаолиятига баҳо бериш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда бир ҳафта муддатда:

давлат эҳтиёжлари учун дон етказиб бериш бўйича тузилган контрактация шартномаларини бажармаган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг бажармаслик сабабларини чуқур таҳлил қилади;

таҳлиллар натижасидан келиб чиқиб, давлат эҳтиёжлари учун дон етказиб бериш бўйича тузилган контрактация шартномаларини бажармаган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган ер ижара шартномасини белгиланган тартибда бекор қилади;

енгиб бўлмайдиган куч ҳолат (форс-мажор)лари (зилзила, қурғоқчилик, сув тошқини, ёнғин, сел, дўл, жала ва бошқа табиий офатлар) сабабли контрактация шартномасини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги исботланган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари бундан мустасно.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ва туманлар ҳокимлари давлат эҳтиёжлари учун дон етказиб бериш бўйича тузилган контрактация шартномаларини бажармаган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг туманлар ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкаларини ғаллачилик кластерларига, кўп тармоқли фермер хўжаликларига ва бошқа ташаббускорларга белгиланган тартибда ажратиш ишларини бир ой муддатда якунлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг таклифларига асосан 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бунда, бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришда битта контурга икки йилдан ортиқ, яъни учинчи йил ғалла жойлаштиришмасликка алоҳида эътибор қаратади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда суғориладиган майдонларда 2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш, парваришлаш бўйича агротехника тадбирларини амалга ошириш юзасидан “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини назарда тутади.

Text to speech