Ру Ўз O`z En

Апробация ўтказиш жараёнларида назорат олиб борилмоқда

18 Май 2022 248

Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш ва сифатли маҳсулот етиштиришда асосий драйвери уруғчилик тармоғи ҳисобланиб, кондицияли уруғлар етиштиришда апробация кўриги муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий органларининг, шунингдек тегишли тайёрлов ҳамда таъминот ташкилотларининг, илмий муассасаларидан иборат туман апробация комиссиялари иштирокида апробация жараёни бошлаб юборилди.

Кўпчиликда ўринли саволлар туғилади. Апробация сўзининг маъноси нима? нима сабабдан уруғлик майдонларда комиссиялар тузилиб апробация дала кўриги ўтказилади? Мазкур жараёнларни кимлар назорат қилади? Ушбу саволларга қуйидагича жавоб берилади.

АПРОБАЦИЯ бу – (лотинча сўздан олинган бўлиб Approbatio — тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади).

Архив манбаларга кўра мамлакатимизда дала апробация кўригини ўтказиш ишлари ўтган асрнинг 1925 йилидан бошланган.

ДАЛА АПРОБАЦИЯСИ – дала экинлари апробацияси ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатдан софлигини, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлигини, касалликларга чалинган-чалинмаганлигини ва экиш учун мўлжалланган уруғликларнинг умумий ҳолатини аниқлаш учун далада ўтказиладиган текширув.

Нима учун апробация кўриги ўтказилади ?

Республикада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи субъектларни экишга тавсия этилган, районлашган ва истиқболли навларнинг генетик соф, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган уруғликлари билан таъминлаш мақсадида, уруғлик олиш парваришланган майдонларда ҳар йили экин турига қараб белгиланган муддатларда апробация кўриги ўтказилади.

Апробация кўригини кимлар ва қаерда ўтказади ?

Мамлакатимизда апробация ўтказиш (пахта, ғалла майдонларни) жараёни давлат тадбирига киради. Сабаби апробацияни ўтказиш учун ҳудудларда 150 дан ортиқ комиссиялар тузилиб мазкур комиссияларга 500 га яқин тегишли тайёрлов, таъминот ташкилотлари ва илмий муассасаларнинг мутахассислари жалб қилинади ва ушбу комиссиялари томонидан 15-20 кун давомида 3500-4000 дан ортиқ уруғлик етиштириш ҳуқуқига эга бўлган уруғчилик субъектлари, элита уруғчилик хўжаликлари ва илмий муассасаларнинг уруғлик учун ажратилган майдонлари, дон омборхоналарида (маккажўхори сўталари омбор апробацияси) кузатиш ёки танлаб кузатиш орқали апробация материаллари, намуналар олиниб таҳлил қилинади ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Апробациянинг мақсади нима ?

Дала апробациясининг асосий мақсади, келгуси йил ҳосили учун мўлжалланган уруғликларни экиш учун фойдаланиш мумкинлигини аниқлашдан иборатдир.

Бунда уруғчилик субъектларнинг уруғлик майдонларида экинларнинг навдорлик ва бошқа сифатларини сақлаб қолишда қилинаётган ишларига баҳо берилади.

Апробацияни кимлар назорат қилади?

Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган “Уруғлик учун экилган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинларини апробация қилиш тартиби тўғрисида” Низомига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинади.

Хусусан республикада 2022 йил ҳосилидан жами 126 та туманда 3 208 та фермер хўжаликлари, элита уруғлик хўжаликлари, илмий тадқиқот институтлари ва кластер корхоналари томонидан, 89,7 минг гектар  уруғлик ғалла майдонларни ташкил қилиб ушбу майдонлардан ғалланинг 50 дан ортиқ навидан жами 280 минг тоннага яқин сифатли сара уруғлик дон тайёрлаш белгиланган.

Шу сабабли жойларда тузилган апробация комиссиялари томонидан республикамизда келгуси 2023 йил ғалла ҳосили учун серҳосил, навдорлик сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига тўлиқ жавоб берадиган уруғлик дон жамғариш мақсадида, Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимларининг жами 141 та инспекторлари томонидан юқорида қайд этилган Низом талаблари асосида апробацияни кўригини ўтказилиши, навга хос бўлмаган аралашмалари ва бегона ўтлар мавжуд майдонларни уруғликдан чиқариш ва яроқсиз деб топиш бўйича назорат тадбирлари бошлаб юборилди.

Бундан ташқари, туманларга бириктирилган инспекторлар томонидан, “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан уруғлик дон қабул қилувчиЎздонмаҳсулотАК тизимидаги 34 та дон корхоналар уларга қарашли 73 та масканлар ва 65 та уруғлик цехлар, 51 та элита уруғчилик хўжаликлари кластер корхоналарнинг масъул ва жавобгар шахслари томонидан жорий йилда уруғлик материалларини қабул қилиш, жойлаштиришда стандартлар талабига амал қилиниши ҳамда апробация комиссия аъзолари апробация жараёнини Низомда белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, республикамизда бугунги кунда, амалга оширилаётган бу тадбирлар натижасида 2023 йил ғалла ҳосили учун навдорлик сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, серҳосил ғалла навларидан уруғлик дон жамғарилишда Инспекциянинг Дон экинлари уруғлари етиштирилишни назорат қилиш бўлими ҳамда вилоят бошқарма, туман ҳудудий бўлимлари томонидан тегишли чоралар белгиланиб, назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Ш. Хайитов, "Ўзагроинспекция" нинг Дон экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бўлим бошлиғи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech