Ру Ўз O`z En

Арнасойга Туркия давлатидан сув тежовчи ускуналар келтирилди

19 Февраль 2021 90

Қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан оқилона фойдаланиш зарур. Оби-ҳаётни тежаб ишлатиш эса бугун дунё миқёсидаги глобал масалалардан бирига айланган. Шу мақсадда жаҳоннинг ривожланган давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳам жойларда сув тежовчи технологияларни ҳаётга тадбиқ этиш чораларини кўрмоқда. Мавзуга Арнасой тумани мисолида ёндошадиган бўлсак, 2020 йили туманда 8 та фермер хўжаликлари томонидан 180 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919 сонли қарори қабул қилинган бўлиб, Олий Мажлис ва халққа йўллаган мурожаатномасида ҳам мазкур масала устувор вазифалардан бири сифатида кўрсатиб ўтилганди.

Мана шу ниятда Арнасой туманида жорий йил ҳосили учун 8 минг гектар майдонга пахта экиш режалаштирилган бўлиб, шундан 5 минг 400 гектар ерда мазкур амалиётни қўллаш кўзда тутилган. Режанинг 5 минг 200 гектари пахтачиликда, қолган 200 гектари боғдорчиликда амалга оширилади. Бунинг учун “Арнасой пахта-ғаллачилик” кластери томонидан 4 та пудратчи ташкилотлар билан шартнома имзоланган.

-Хусусан, “AGRO NEW DRIP” MCHJ 3000 минг гектар, “JIZZAX MAXSUSSUVPUDRAT” MCHJ ва “PAXTAKOR MAXSUSSUVPUDRAT” MCHJ 500 гектардан, “FAYZ AGRO SYST” MCHJ 1 минг 200 гектар майдонларда тежамкор технологияларни ўрнатиш кўзда тутилган,-дейди “Ўзагроинспекция” нинг Арнасой туман бўлими қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўйича катта инспектори Б.Исаев.- Ҳозирда 3 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш ҳамда технологияларни худудларга жойлаштириш учун “Арнасой пахта-ғаллачилик” кластери томонидан “AGRO NEW DRIP” MCHJ ҳисобига 72 млрд 579 млн сўмлик маблағ ўтказиб берилган.

Ана шу эзгу мақсадлар учун яқинда Туркия давлатидан сув насосларининг бир қисми келтирилди. Булар мембрана қувурлар, филтрь ускуналари, ҳисоблагичлар, насослар, дишла ва балонлардир. Ҳозирги кунда “AGRO NEW DRIP” MCHJ томонидан майдонларда сув ҳовузини ковлаш ишлари бошлаб юборилган. Амалга оширилаётган ишлар Агроинспекция ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech