Ру Ўз O`z En

Айрим техникаларни давлат рўйхатига олиш ва техник кўрикдан ўтказиш муддати қисқаради

22 Октябрь 2022 1213

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа республикада қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари бўйича давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан тегишли маълумотнома ёки ҳужжатларни талаб қилишни бекор қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотлари (техника ишлаб чиқарувчи корхона, унинг вакили ёки воситачи ташкилоти) томонидан бериладиган махсус бланкдаги “Ҳисоб-маълумотнома” асосида давлат рўйхатига олиш, маълумотларни ва хизмат кўрсатишга оид айрим ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахслардан эмас, балки манфаатдор идоралар тегишли дастурларидан интеграция йўли билан олиш йўлга қўйилмоқда.

Инспекция жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини янада ошириш ва фуқаролар идорама-идора сарсон бўлиб юриши олдини олиш мақсадида, давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентлари алоҳида-алоҳида тасдиқланмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида, хизматларни Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш ва техникалар ҳисобини электрон тарзда юритиш тизимлари жорий этилмоқда.

Техникаларни давлат рўйхатига олиш ва техник кўрикдан ўтказишнинг муддатлари қисқартирилмоқда. Тўловларни барча мавжуд тўлов тизимлари ҳамда ягона биллинг тизими орқали тўлаш имконияти яратилмоқда.

2023 йил 1 сентябридан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли бўлган 100 от кучигача қувватга эга қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларга берилмоқда, талонларни бериш амалиётидан воз кечилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилмоқда.

Қарор лойиҳаси қабул қилиниши юридик ва жисмоний шахсларга вақтини тежаш, уларга қулайлик яратиш, мурожаат қилиш бўйича Давлат хизматлари марказлари, онлайн тарзда ЯИДХП орқали фойдаланиш имкониятини яратади.

Техникалар ҳисоби электрон шаклда юритилади ва электрон база яратилади. Айрим ҳужжатлар жисмоний ва юридик шахслардан олинмасдан, манфаатдор идоралар тегишли дастурларидан интеграция йўли билан олиниб, давлат хизматлари кўрсатилади.

Техникаларни давлат рўйхатига олиш ва техник кўрикдан ўтказишнинг муддатлари 3 иш кунидан 2 иш кунига қисқаради, тўловларни барча мавжуд тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти яратилади.

 

Text to speech