Ру Ўз O`z En

Биргина Булунғурда қуёнчилик тармоғини ривожлантириш орқали йилига 21 тонна қуён гўшти етиштирилади

20 Апрель 2021 2891

Бугунги кунда қуёнчилик тармоғи дунё иқтисодиёти ва истеъмолида муҳим ўринлардан бирини эгаллаган. Шу жумладан, чорвачиликда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан бир қаторда қуён гўшти етиштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, қуёнчилик сердаромад соҳалардан, қуён гўшти эса парҳезбоп ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қуёнчилик йўналишида наслчилик ишларини яхшилаш, аҳоли дастурхонига сифатли ва парҳезбоп қуён гўштини етказиб бериш, терисини саноат усулида қайта ишлаб экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда, қуёнчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган хўжаликлар сони 18 та бўлиб, уларда жами 6 минг 205 бош қуёнлар парвариш қилинмоқда. 2021 йилнинг биринчи чораги давомида мавжуд қуёнчилик йўналишидаги хўжаликлар томонидан қуён гўшти етиштирилди.

Соҳани янада такомиллаштириш юзасидан белгиланган дастурга кўра, жорий йилда қуёнчилик йўналишида ишга туширилиши режалаштирилган 5 та лойиҳа учун 6 млрд. 550 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилди.

Ушбу лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш орқали жами 17 минг 350 бош наслли қуёнлар ҳамда 48 та янги иш ўринларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Мазкур лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Пастдарғом туманидаги “Миржалол” хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 350 млн. сўмлик лойиҳа ишга туширилиб, 600 бош қуёнлар келтирилди ва 6 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, “Дарғом агро великан” масъулияти чекланган жамияти томонидан парваришланаётган 1 минг 850 бош наслли қуёнлар наслини оммалаштириш юзасидан тегишли тадбирлар ишлаб чиқилди.

Булунғур туманида чорвачиликнинг қуёнчилик йўналиши билан шуғулланаётган 2 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар томонидан 370 дона зотдор қуёнлар парваришланмоқда.

2021 йилга мўлжалланган дастурга асосан, қуёнчилик тармоғини ривожлантириш юзасидан умумий лойиҳа қиймати 5 млрд. 200 млн. сўмлик 3 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда ушбу лойиҳаларни ишга тушириш мақсадида амалий тадбирлар олиб борилмоқда. Бу лойиҳаларни ишга тушириш орқали 28 та янги иш ўрни яратилади.

Ушбу лойиҳа доирасида жами 12 минг 850 бош қуёнлар боқилиши режалаштирилган бўлиб, улардан 500 донаси гўшт йўналишида, 890 донаси наслчилик йўналишида ва 680 донаси наслчилик ва гўшт йўналишида. Бундан ташқари ушбу лойиҳалар орқали йилига 21 тонна қуён гўшти, 7 минг 710 дона тери етиштириш режалаштирилган, - дейди инспекциянинг Булунғур тумани бўлими катта инспектори Санжар Турабов.

Яна бир гап: Мутахассислар фикрига кўра, қуён гўшти ёки териси балки, унинг ёғи ҳам экологик тоза маҳсулот бўлиб, косметологияда турли кремларни тайёрлашда фойдаланса бўлади. Шундай экан, қуёнчилик тармоғини янада ривожлантириш, унинг териси ва мўйнасини саноат усулида қайта ишлаб, эскпортга йўналтириш, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар учун мўмай даромад саналади.

 

Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Text to speech