Ру Ўз O`z En

10 декабрь “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами”

11 Декабрь 2023 1349

Жорий йилнинг 9 декабрь куни Тошкент давлат аграр университетида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” сана муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – бу деҳқон, фермер, кластер, илмий-тадқиқот институтлари ва лабораторияларда фаолият олиб борадиган ходимларнинг касб байрамигина эмас, балки ерга кўчат қадаб, юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ҳар бир инсоннинг шодиёнасидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан буён ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” сифатида кенг нишонланиб келиниши ҳам аграр соҳа ходимларига бўлган ҳурмат ва эътироф десак, муболагаъа бўлмайди.

Жумладан, жорий йилнинг 9 декабрь куни Тошкент давлат аграр университетида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” сана муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазирлик бошқарма ва департмент ходимлари, тизим ташкилотлари раҳбарияти, аграр соҳа фидойилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Таъкидлаш керакки, Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси”да белгиланган устувор йўналишларга монанд тарзда ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистонда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, бу эса бозор тамойилларига ўтишда, соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш, режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнат ҳолатларига бутунлай чек қўйишда муҳим омил бўлмоқда.

Бугун ҳаётнинг ўзи янги инновацион усул — кластер тизимининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий афзалликлари кўплигини намоён этмоқда.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев томонидан “Энг фидойи фермер–новатор”, “Энг самарадор деҳқон хўжалиги”, “Энг ёш фермер” ва “Энг ташаббускор аёл фермер” номинациялари бўйича мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов томонидан аграр соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган, юртимиз қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган, бу борада ўзига хос мактаб яратган самарқандлик соҳа фидойиларига “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони топширилди.

Байрам тадбири элимиз суйган санъаткорлар иштирокидаги куй-қўшиқларга уланиб кетди. Шундан сўнг, байрам иштирокчилари тўкин дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида суҳбат қуришди.

Text to speech