Ру Ўз O`z En

Ғалла экишда агротехник тадбирларнинг бажарилиши мониторинг қилинди

28 Октябрь 2022 948

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 августдаги 175-сон йиғилиш баёнига асосан жорий йилда 1 млн. 186 минг 382 гектар майдонга бошоқли дон экинлари экилиши белгиланган.

Ушбу тадбирга, ҳудудлардаги мавжуд 1018 дона дон экиш сеялкалари ҳамда 7999 дона дон экиш мосламалари жалб қилинди.

Шунингдек, жорий йилда бошоқли дон экинларини 222 минг 58 тонна фосфорли ва 83 минг 334 тонна калийли минерал ўғитлар (физик ҳолда) билан экиш ишларини амалга ошириш белгиланди.

“Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан ғалла экиш билан боғлиқ барча агротехник тадбирларни ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши бўйича кунлик мониторинг ўрнатилди.

Жумладан, жойлардаги инспекторлар томонидан, ҳудудларда бошоқли дон экинларини экиш даврида 657 минг 155 гектар майдонларда мониторинг тадбирлари ўтказиб, ушбу тадбир давомида 9 минг 829 та фермер хўжаликларининг 81 минг 290 гектар майдонларида ғалла экиш учун ер тайёрлаш ва экиш ишларида хато-камчиликлар аниқланди.

Хусусан, жойлардаги 6 минг 530 та фермер хўжаликларининг 50 минг 841 гектар майдонида сифатсиз ер тайёрланганлиги, 3 минг 299 та фермер хўжаликларининг 30 минг 449 гектар майдонида сифатсиз ва саёз ғалла экилганлиги аниқланди.

Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига 238 та тақдимнома киритилиб, фермер хўжаликларига 4943 та ёзма кўрсатмалар, 17370 та ҳолат бўйича расман огоҳлантиришлар берилди.

Ҳудудларда бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича Инспекция томонидан доимий мониторинг олиб борилади.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигида Агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech