Ру Ўз O`z En

ҒЎЗА ДЕФОЛИАЦИЯСИНИ СИФАТЛИ ЎТКАЗИЛИШИ БЎЙИЧА КАМЧИЛИКЛАР АНИҚЛАНМОҚДА

8 Сентябрь 2022 994

Навоий вилоятида жорий йил дефолиация ўтказиладиган ғўза майдони 28 655 гектар майдонни ташкил этади. Шундан 9 465 гектари Хатирчи, 7 450 гектари  Қизилтепа, 6 600 гектари Навбаҳор, 4640 гектари Кармана, 500 гектари Конимех туманларига тўғри келади. 

Ушбу агротехник тадбир бажарилишига 130 та ОВХ пуркагичлар жалб этилган.

"Ўзагроинспекция"нинг Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан дефолиация тадбири ўз вақтида ҳамда сифатли ўтказилиши юзасидан 4 703 гектар ғўза майдонида назорат тадбирлари олиб борилди.

Назорат тадбирлари давомида ишчи эритма тайёрлайдиган масканларни ташкил этилганлиги, уларда ҳовуз ёки сиғимлар мавжудлиги, жиҳозланганлиги ва бошқалар юзасидан ўрганишлар ташкил этилди. Натижада 178 та фермер хўжаликнинг 1471 гектар ғўза майдонида ҳамда 38 та ҳолатда камчиликка йўл қўйилгани аниқланди.

Бундан ташқари, назорат тадбирларида дефолиация ўз вақтида бошланмаган, “отряд-наряд” усулида дефолиация қилинмаган, 65-70 фоиз кўсак очилса-да, дефолиация кечиктирилган  фермер хўжалик майдонларига ҳам дуч келинди. Бу ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

-  Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли ҳокимлик ва ташкилотларга тўртта тақдимнома киритилди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси катта инспектори Б. Тўйчиев.- Шунингдек, фермер хўжалик раҳбарларига 123 та бажарилиши шарт бўлган ёзма кўрсатма ҳамда 193 та огоҳлантириш хатлари берилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўза дефолиацияси ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, унинг барглари тўлиқ тўкилишини таъминлайди. Қатор ораларида ҳаво айланиши яхшиланиб, ўсимлик қуёш иссиқлиги ва нуридан самарали фойдаланади. Амалга оширилган зарур агротехник тадбирлар натижасида ўсимлик танасида моддалар қайта тақсимланиши, кўсаклар пишиб етилиши тезлашади. Бу эса ўз навбатида етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда териш машиналаридан самарали фойдаланиш ва қўл терими суръатини ошириш имкониятини яратади.

Шу боис ғўза дефолиацияси муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади.

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари назорати остида мазкур тадбирни сифатли олиб бориш бўйича мавсум давомида доимий назорат тадбирлари олиб борилади.

Зулфия Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари

Text to speech