Ру Ўз O`z En

Инспекцияда “Ўзбекистон -2030” стратегияси мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди

18 Июль 2024 404

2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-158-сон фармонига мувофиқ “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланган бўлиб, мазкур ҳужжат келгуси 2030 йилгача мамлакатимиздаги асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади, Ҳужжат 5 та устувор йўналиш доирасида 100 та мақсадни ўз ичига қамраб олган.

Хусусан, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халққа хизмат қилиши шарт бўлган адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби ғоялар акс эттирилган.

Жорий йил 18 июль куни  “Ўзагроинспекция” томонидан ташкил этилган тадбир “Ўзбекистон-2030” стратегияси мазмун-моҳиятини Инспекция ходимлари ва жамоатчилик орасида кенг тушунтиришга бағишланди.

Тадбирда Инспекция марказий аппарати ҳамда  "ZOOM" платформаси орқали ҳудудий бошқармалар ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни "Ўзагроинспекция" марказий студиясидан Инспекция бошлиғи ўринбосари в.в.б B.Ҳасанов олиб борди.

Шундан сўнг, "ZOOM" платформасида оnlayn иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Р.Сиддиқов ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Хусусан, «Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида 100 та мақсад белгилаб олинганлиги, белгиланган ва амалга оширилиши лозим бўлган барча мақсадларга эришиш ва долзарб вазифалар бажарилишига давлат миқёсида катта эътибор қаратилаётганлиги хусусида сўз юритди.

Қатнашчиларга эксперт сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси, депутат - А. Тўлабоев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Давлат ва ҳуқуқ институти юридик фанлари доктори, профессор – Р.Ҳакимовлар томонидан Президентнинг 2024-йил 21-февралдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармон моҳияти ҳамда соҳага тегишли ислоҳотлар ва бу йўналишда халқаро тажрибалар ҳақида кенг тушунчалар бериб кетилди.  

Жумладан, “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 54 мақсадида қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш орқали ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45 — 50 центнерга, ғалла бўйича 80 — 100 центнерга етказиш вазифалари кўзда тутилган бўлиб, пахта ва ғалла экинлари ҳосилдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.

Инспекция томонидан “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ва Давлат дастури бўйича дастурининг 8 та мақсадидаги устувор вазифаларни қамраб олган 10 та банддан иборат чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда ушбу чора-тадбирлар режасининг 2 та банди ижроси бажарилиб, қолган 8 та банд ижросини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина мисол,  57-мақсад ижроси бўйича “my.gov.uz” орқали шахсларнинг мурожаатлари асосида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини рўйхатдан ўтказишда техникани турган жойига бориб, мобил техник кўрикдан ўтказиш хизмати жорий қилинди.

Тадбир сўнгида Инспекция ходимлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech