Ру Ўз O`z En

Жиззах: Қишлоқ   хўжалиги,  мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқарувчи тракторчи–машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мақсадида семинарлар ташкил этилмоқда

30 Ноябрь 2021 1257

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сонли қарори билан тасдиқланган “Тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга кириш ва уни ўтказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида”ги Низом ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида ҳам ўтказилди. “Ўзагроинспекциянинг туман бўлими ҳамда туман ҳокимлиги, туман ИИБ ЙҲХБ ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбир аввалида бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, банд бўлмаган фуқароларни турли касбларга жалб этиш ва уларни ўқитиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланишича, қишлоқ   хўжалиги,  мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқарувчи тракторчи–машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаси ташкил этилгани, унинг амалий тасдиғидир.

-Бу ерда ўқиш истагида бўлган ўқувчиларнинг назарий ва амалий дарс машғулотларини олиб боришлари учун барча қулайликлар муҳайё қилинган, - дейди Инспекциянинг Мирзачўл туман бўлими катта инспектори Санжар Норқулов. - Уч ой таҳсил олган битирувчилар эса сертификат асосида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишлари мумкин. Ҳозирги кунда 100 нафар ўқувчи ўқитилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.

Айтиш жоиз, бу каби ўқув марказларнинг фаолияти кўпгина масалалар ҳал этибгина қолмай, соҳада юзага келиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, ҳужжатсиз қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқаришнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Семинар давомида иштирокчилар ўқув марказидаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар Инспекциянинг туман бўлими томонидан жами 480 нафарга яқин жисмоний ва юридик шахсларга янги шаклдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари берилган.

Ўзагроинспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech