Ру Ўз O`z En

Келгуси йил ҳосили учун Наманганда 24 минг 631 гектар майдонга тўқсонбости экинлари экилади

14 Октябрь 2020 2080

Халқимизда  “Тўқсонда эксанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан”, деган гап бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, негаки мутахассисларнинг таъкидлашича, кузда экилиб, қор остида қолдирилган сабзавот экинлари уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради. Эрта баҳорда эса маҳсулотнинг бозори чаққон бўлиши сир эмас.  Барча учун синовли келган 2020 йилда пандемия шароитида озиқ-овқат, мева-сабзавотлар билан таъминлаш ҳар галгига нисбатан долзарб бўлиб турибди.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 сентябрдаги 01-03/1-234-сон йиғилиш баёни ижроси юзасидан, вилоят аҳолисини баҳор ойларида эртанги сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозорларда нарх-наволар барқарорлигини сақлаш ҳамда эртанги экспорт маҳсулотларини етиштириш масалаларига Наманган вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил сентябрь ва октябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз экинларини ҳамда ноябрь ва декабрь ойларида “тўқсонбости” усулида сабзавот экинларининг юқори ҳосилли навларини қисқа муддатларда экиш ва агротехник тадбирларни ўз муддатларида амалга ошириш ва уларга талаб этиладиган моддий техника ресурсларини ўз вақтида етказиб бериш юзасидан Наманган вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Унга кўра, вилоят бўйича фермер хўжаликларида жами 12 минг 930 гектар майдонга 2021 йил ҳосили учун пиёз, саримсоқпиёз ҳамда сабзавот- резавор экинлар экилиши режалаштирилган.

Жорий йил 10 октябрь ҳолатига бу кўрсаткич таҳлил қилинганда август-сентябрь ойларига белгиланган 3 минг 476 гектар майдоннинг 3 минг 380 гектарига белгиланган экинлар экилган. Айни пайтда октябрь-ноябрь ойларида экилиши режалаштирилган сабзавот ва резаворлар экилиши бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

 Статистик маълумотларга кўра, вилоят бўйича фермер хўжаликлари, аҳоли томорқаларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда жами 24 минг 631 гектар майдонга тўқсонбости усулида экин жойлаштирилади.

Ушбу майдонларда 252,9 минг тонна маҳсулотлар етиштирилиб, шундан пиёз 104 минг тонна, саримсоқпиёз 19 минг тонна, сабзи 40 минг тонна, ош лавлаги 21 минг тонна, кўкатлар 20 минг тонна ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари 36 минг тоннани ташкил этади.

Етиштирилган маҳсулотлардан 26 минг тоннаси экспортга  йўналтирилса, 226 минг тоннаси ички истеъмол бозорларига етказиб берилиши режалаштирилган. Бу ўз ўрнида бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш баробарида аҳоли ва фермер хўжаликлари даромадининг ортишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Н. Исомитдинов, “Ўзагроинспекция” Наманган вилоят бошқармасининг қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва уруғ билан таъминлаш устидан назорат бўлими бош инспектори

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech