Ру Ўз O`z En

ХОРАЗМ: Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар муҳофазада

13 Декабрь 2023 1188

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан қатъий белгиланган мақсадларда фойдаланиш устидан назорат бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агроинспекция томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5742-сонли Фармонини ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ер инспекторлари томонидан ваколат доирасида бир қатор вазифалар бажарилди.

Мазкур фармонда, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадлар учун, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун, шунингдек, унумдор тупроқ талаб этилмайдиган илғор технологияларнинг (гидропоника ва бошқалар) янги усуллари қўлланиладиган иссиқхоналар қурилиши учун ажратишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Инспекциянинг Хоразм вилояти бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси томонидан жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида вилоят туманларида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган экин ер майдонларидан фойдаланиш аҳволи мониторинг тарзида ўрганилди ва ўрганиш жараёнида қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича 56 та ҳолатда 6.0 гектар суғориладиган экин ер майдонлари ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлганлиги натижасида 3,4 млрд сўм зарар ҳисобланиб тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда.

Бугунги кунда, Инспекция томонидан мазкур ҳисобланган зарар суммаларини ихтиёрий муддатларда тўлаш бўйича 19 та ҳолат юзасидан (1,094 гектар, 856 млн 405 283 сўм) огоҳлантириш хатлари, ихтиёрий муддатлар-да тўланмаган 8 та ҳолат юзасидан эса (0,6291 гектар), 503 млн 768 352 сўм зарар суммаларини ундириш учун Урганч туманлараро иқтисодий суди ҳамда Боғот туманлараро фуқаролик судларига даъво аризалари киритилиши таъминланди.

"Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси томонидан ушбу соҳадаги назорат тадбирлари давом эттирилиб, аниқланган қонунбузарликлар юзасидан тегишли чоралар кўриб борилмоқда.

Н.Каримов- “Ўзагроинспексиянинг Хоразм вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси бошлиғи

Text to speech