Ру Ўз O`z En

Наманган: жорий йилда 4 ярим мингдан ортиқ гектар майдонга тўқсонбости усулида экинлар экилади

8 Октябрь 2022 992

Экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усули  "тўқсонбости"- деб номланади. Бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.

Ўсимликларни кузда экилишининг яна бир сабаби, кўкламда экилган сабзавотлардан кўра кўпроқ ҳосил олинтшдадир. Энг муҳими, тўқсонбости усули деҳқончиликнинг  яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имкониятини ҳам орттиради.

Шу боис Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида жорий йилда 4 623 гектар майдонда тўқсонбости усулида экинлар экилиши режалаштирилган бўлиб, айни кунларда экиш  ишлари давом этмоқда.

"Ўзагроинспекция"нинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан тўқсонбости экинларни экилиши юзасидан профилактик тадбирлар олиб борилаяпти.

Мазкур мониторинг тадбирлари давомида туман ҳокимлиги, фермер хўжаликларига белгиланган майдонларга тўқсонбости экинларини жойлаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан тақдимнома, кўрсатма ҳамда огоҳлантиришлар берилмоқда.

Келгуси йил ҳосили учун туманда пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, сельдерей, укроп, петрушка каби кўкатлар билан бирга брокколи, гулкарам ҳамда карам экилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, тўқсонбости усулида экилган экинлардан туман бўйича келгуси йили жами 46 минг 800 тоннадан ортиқ ҳосил олиш режалаштирилган ва унинг асосий қисмини пиёз ҳамда саримсоқпиёз ташкил этади.

Бу ўз ўрнида бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш баробарида аҳоли ва фермер хўжаликлари даромадининг ортишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Б. Йўлдошев, "Ўзагроинспекция" Янгиқўрғон туман бўлими катта инспектори

Text to speech