Ру Ўз O`z En

Республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитларида ғўза навларининг оқилона жойлаштирилиши

20 Октябрь 2022 1589

“Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган низомда “Ўзагроинспекция”га қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва ушбу экинлар уруғликларининг сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижроси, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш, районлаштириш ҳамда навли уруғликларини тайёрлаш режаларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2022 йил 17 январдаги 7-сонли ҳамда вазирлик ҳузуридаги Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш марказининг 2021 йил 28 декабрдаги 43-сонли буйруғига мувофиқ Республикамиз ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига 40 та ғўза нави киритилган бўлиб, шундан 3 таси ингичка толали, 5 таси ўртапишар, 32 таси эртапишар навларни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги ПҚ-3683-сонли қарорида “... битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзанинг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги” белгиланган бўлиб, ғўза навларининг Республика ҳудудлари бўйлаб жойлаштирилиши таҳлил қилинганда айрим туманларда ушбу талабнинг бузилаётганлиги аниқланди.

Хусусан, Республика бўйича 39 та туманларда шундай ҳолатлар қайд этилиб, 31 та туманда учтагача, 8 та туманда эса тўрттагача районлаштирилган ғўза навлари жойлаштирилган.

Мисол учун, Тўрткўл, Беруний, Нишон, Миришкор, Шўрчи, Денов, Қумқўрғон, Сайхунобод туманларида 4 тадан, Элликқалъа, Хўжайли, Шўманай, Кегейли, Чимбой, Жалақудуқ, Улуғнор, Марҳамат, Пахтаобод, Шаҳрихон, Вобкент, Ғиждувон, Ромитан, Арнасой, Дўстлик, Зафаробод, Мирзачўл, Қарши, Касби, Кармана, Уйчи, Жарқўрғон, Олтинсой, Сариосиё, Узун, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Бешариқ, Қува, Риштон туманларида 3 тадан ғўза навлари экилган.

Бундан ташқари, жорий йил ҳосили учун пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 30519 нафар фермер хўжаликларига давлат реестрига киритилган районлаштирилган, истиқболли ва янги ғўза навларининг уруғлик чигити етказиб берилган бўлиб, шундан 29427 нафар хўжаликларда тавсия этилган битта ғўза нави экилган бўлса, 1092 нафар хўжаликларда икки ва ҳатто учтадан ғўза навларини экиш ҳолатлари учрамоқда.

Илмий манбалардан маълумки, ғўза систематикасида Gossypium авлодига мансуб 4 та тур маданийлаштирилган бўлиб, Gossypium hirsutum L. (ўрта толали) ва Gossypium barbadense L. (ингичка толали) турларига мансуб ғўза навлари ўзаро ва бир бири билан эркин чангланади. Бу эса оралиқ ҳимоя масофалари (2,5-3 км) сақланмаган ҳолда навлар жойлаштирилган майдонларда ҳосилдорликнинг кескин пасайишига ва олинадиган тола сифатининг бузилишига олиб келади, пировард натижада эса ушбу ҳудуд учун мос деб топилган ғўза навларининг қисқа фурсатларда ишлаб чиқаришдан чиқиб кетишига сабаб бўлади.

Шу мақсадда, нав жойлаштириш қоидаларига амал қилишда фойдаланиш учун ҳудудлар кесимида давлат реестрига киритилган ғўза навлари тўғрисидаги маълумот илова қилинади (жадвал).

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Инспекция томонидан тегишли таъсир чоралари кўриб келинмоқда. Хусусан, нав жойлаштириш қоидаларига амал қилинмаган ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида йўл қўйилган камчиликларнинг келгусида такрорланишини олдини олиш юзасидан масъул раҳбарларга Инспекциянинг марказий аппарати томонидан тақдимномалар киритилиши таъминланди.

Юқори сифатли уруғлик тайёрлаш, уни сақлаш ва реализация қилиш соҳасида Инспекцияга берилган ваколатлар доирасида ўтказиладиган назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Н.Исмаилов, "Ўзагроинспекция" Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

М.Курбанбаев, "Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

Text to speech