Ру Ўз O`z En

Таъсир чораси - таъсирчан бўлиши керак

15 Январь 2021 1929

"Ўзагроинспекция" фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан, инспекция органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ижроси бўйича доимий равишда мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Ўтказилаётган мониторинг-таҳлиллар давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, унда аҳоли ва ички истеъмол бозори учун мўл ва сифатли маҳсулот етиштирилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан фойдаланишда қонунчилик ижроси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан назорат қилинмоқда.

Инспекциянинг Жомбой туман бўлими томонидан 2020 йилда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан фойдаланишда қонунчилик ижроси юзасидан 75 маротаба назорат тадбирлари ўтказилди. Шунинг 17 таси хабар қилиш тартибида, 58 таси мониторинг тартибида ўтказилган бўлиб, 42 та ҳолатда ер ресурсларидан фойдаланишда қонунбузилишлар содир этилгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан 19 та ҳолатда туманда фолият юритиб келаётган фермер хўжаликлари томонидан ерлардан хўжасизларча фойдаланилаётганлиги аниқланди ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниб, уларга нисбатан Жомбой туманлараро маъмурий судининг ҳал қилув қарорига асосан, қонуний таъсир чораси кўрилди.

Шунингдек, 7 та ҳолатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқаролар устидан маъмурий қарор чиқарилиб, тўпланган ҳужжатлар туманлараро маъмурий судга юборилди, 16 та ҳолатда фаолият юритиб келаётган фермер хўжаликлари ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқароларга нисбатан, қурилиш ости майдонларга 42 млн. 628 минг сўм зарар ҳисобланиб, туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритилди.

Яна бир гап. Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолларда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер ресурсларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олаётган фуқаролар, бундай ҳолат қонунбузилиши эканлиги, яна ҳам соддароқ тилда айтганда, инспекция органлари томонидан кўрилаётган таъсир чорасининг таъсирчанлигини тўғри англаб етишмаяпти.

Юқоридаги сингари салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш эвазига аҳоли дастурхонига арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида, қонунчилик ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Назир Хидиров, “Ўзагроинспекция”нинг

Жомбой туман бўлими катта инспектори

 

 

Text to speech