Ру Ўз O`z En

ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШДАГИ СУБСИДИЯЛАР ТУЯ ҚИЛИНДИМИ ?

27 Октябрь 2022 1459

 “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 2022 йилнинг ўтган даври давомида муҳтарам Президентимизнинг Қарор, Фармон ва Фармойишлари ҳамда соҳага оид Ҳукумат қарорлари ижроси доимий равишда таъминланмоқда.

Хусусан, вилоят Инспекциясининг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар салмоқлидир.

Ўтган 9 ой мобайнида соҳа инспекторлари томонидан 3131 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 2052 та огоҳлантириш ва 368 та ёзма кўрсатмалар берилди, 55 та тақдимномалар киритилди, 141 та ҳолат расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, 59 та ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар суд органларига юборилди. 456 та маъмурий жарима чоралари қўлланилди.

Шунингдек, соҳага оид қарор ва фармонлар ижроси юзасидан доимий тарзда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 95-сонли қарорлари ижроси юзасидан Инспекциянинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида доимий назорат тадбирлари ўтказилди.

Назорат тадбирлари давомида қарор ижроси юзасидан бир қанча ҳуқуқбузарликлар аниқланди.

Жумладан, Қамаши ва Китоб туманларида янги барпо этилган токзор майдонларига жорий этилган томчилаб суғориш технологиясидан фойдаланилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 10 та ҳолатда жами 913,3 млн.сўм бажарилмаган ишлар учун субсидия маблағларига қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

Мисол учун, Китоб туманида фаолият юритиб келаётган “Панжи Кишмишзорлари” ишлаб чиқариш кооперациясига Туман ишчи гуруҳи хулосасига асосан томчилаб суғориш технологияси учун 280 млн.сўм, насос станцияси қурилганлиги учун 120 млн.сўм, жами 400 млн.сўм субсидия маблағлари тўлаб берилган.

Амалда сифатлийлик даражасини белгиловчи коэффициентга 80 млн.сўм қўшиб ёзилган, ҳужжатларда қайд этилган насос станция қурилмаганлиги сабабли 120 млн.сўм жами бўлиб ишлаб чиқариш кооперациясига бажарилмаган ишлар учун 200 млн.сўм субсидия ортиқча тўланган.

Шунингдек, 2021 йилда 9145 гектар экин майдонда 409 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан томчилаб суғориш технологияси жорий этилганлиги учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратилган эди.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимларининг соҳавий инспекторлари томонидан ушбу экин майдонларида доимий равишда профилактика тадбирлар ўтказилган. Шунга қарамай мониторинглар давомида 145 та фермер хўжалиги томонидан 3141 гектар майдонда 2022 йил ҳосили учун экилган қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланилмаётганлиги аниқланди.

Жумладан, Миришкор туманидаги “Ҳайитов Обиджон”, Касби туманидаги “Абдуллаев Фозил Фармоновиш”, “Хўжам Холмуродов”, “Ширинбой Элбеги”, “Камол”, Косон туманидаги “Тоғаев Анвар”, Чироқчи туманидаги “Азизбек”, “Мейлиев Абдураззоқ” каби фермер хўжаликлари томонидан 2021 йилда пахта майдонларига жорий этилган томчилаб суғориш технологиясидан 2022 йил ҳосили учун экилган пахта майдонни суғоришда фойдаланмасдан анъанавий усулда суғорган.

Шу ўринда маълумот тариқасида айтиб ўтадиган бўлсам, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2021 йилдаги 95-сонли “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий етиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 3-боб 37-банди талаблари бузилганлиги яъни сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилишда давлат бюджетидан субсидия олган талабгорлар сувни тежайдиган суғориш тизимидан 5 йилдан кам бўлмаган муддатда мақсадли ва самарали фойдаланишлари лозимлиги белгиланган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва тегишли туман ҳокимликлари юборилди.

  

Ойбек Тўрақулов,Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори

Бобир Исроилов, “Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори

Text to speech