Ру Ўз O`z En

"Яшил макон" лойиҳаси доирасида йўл четларида тутзорлар барпо этилмоқда

1 Ноябрь 2022 1261

Самарқанд вилоятида ҳам "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасидаги тадбирлар давомида 6 млн донадан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш мўлжалланмоқда. Айни кунларда деярли барча шаҳар ва туманларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Мазкур ҳайрли тадбирда “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Хусусан, Пайариқ туманида ўтказилган кўкаламзорлаштириш хашарида инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва инспекциянинг Пайариқ ҳамда Иштихон туманлари бўлимлари ходимлари иштирок этишиб, автомобиль йўли четларига 450 дона тут кўчатлари экилиб, тутзор барпо этилди. "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасидаги тадбирлар давомида инспекциянинг туман бўлими ходимлари томонидан  А.Навоий агрофирмаси ҳудудидаги “Сам мульти фруитс гарден” фермер хўжалиги дала майдонида 200 дан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди.
Асосий эътибор, суғориш иншоотлари ҳимоя ҳудудларини кўкаламзорлаштиришга қаратилмоқда. Тадбир давомида экилаётган кўчатлар парвариши учун масъуллар белгиланиб, парваришлаш ишлари доимий равишда назоратга олинмоқда. Ўтказилган тадбирлар давомида тажрибали мутахассислар ва боғбонлар кўчат экиш ва парваришлаш бўйича ўзларининг тавсияларини ҳам беришмоқда,-дейди “Ўзагроинспекция”нинг Ургут туман бўлими бошлиғи Азамат Холиқов.

Худди шунингдек, Агроинспекциянинг Навоий вилояти Навбаҳор тумани 2-сектор ҳудуди "Дул дул" маҳалласида ҳам  Инспекция туман бўлими томонидан лойиҳа доирасида мевали ва тут дарахтлари экилди. Юртимизни кўкаламзорлаштириш, ободлиги йўлида олиб борилаётган мазкур тадбирга Инспекция туман бўлими ходимлари кўтаринки кайфиятда иштирок этишди. Улар томонидан белгиланган ҳудудга 80 туп мевали ва 120 туп тут кўчатлари ўтқазилди.  Дарҳақиқат, ҳозирда иқлим ўзгариши барчани бирдек ташвишга солмоқда. Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар она табиатни асрашга ундаши билан аҳамиятлидир. Шу сабабдан, юртимиздаги барча инсонлар, кекса-ю ёш, фаол ва масъулиятли фуқаролар ушбу умуммиллий лойиҳа атрофида бирлашиб, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи ва ҳовлисига дарахт кўчатлари экишмоқда. Бу ишларни бардавом бўлиши, инсониятга фойда келтирадиган даражада маконимизни яшилликка буркашга олиб келади.

Суратларда Инспекциянинг Самарқанд ва Навоий вилоят бошқармаси, туман бўлими ходимлари

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech