Ру Ўз O`z En

ЁШЛАРГА ЕР АЖРАТИШ ОРҚАЛИ УЛАРНИНГ ДАРОМАДЛАРИНИ ОШИРИШ МАВЗУСИДА ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

15 Апрель 2024 341

Қишлоқ хўжалигидаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат экинлари етиштиришни кўпайтириш, аҳоли, шу жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш мақсадида Давлат раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги ПҚ-153-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор мазмун моҳиятини тушунтириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятларида Республика ишчи гуруҳи иштирокида семинарлар ўтказилди.

Жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва фойдаланишга киритиш , ёшларга «Э-АУКЦИОН» электрон савдо платформаси орқали ер майдонларини ажратилиши юзасидан икки томонлама мулоқотлар ташкил қилинди.

Семинарда Республика ишчи гуруҳидан «Ўзагроинспекция» бошқарма бошлиғи Ф.Тўхташев, сектор раҳбарлари ҳамда масъул бошқа ташкилот мутасаддилари, электрон онлайн аукцион ташкил этиш ходимлари, маҳалла еттилиги ва ерларни янгидан ўзлаштириш ва қайта фойдаланишга киритиш лойиҳасини амалга оширадиган ташаббускорлар иштирок этдилар.

Юқоридаги қарор билан, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони (кейинги ўринларда — ер майдонлари) электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун устувор равишда қарорда белгиланган иловага мувофиқ ёшларга ижарага берилади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи қуйидаги янги тизим жорий этилади.

Жумладан; бир ой муддатда 60 минг гектар ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари «Э-аукцион» электрон савдо платформаси орқали «маҳалла еттилиги»нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар (кейинги ўринларда — талабгорлар) ўртасида ўтказилади.

Бунда: ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади; закалат пули базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланади;

Кун тартибидаги асосий мавзу юзасидан тегишли мутасадди раҳбарларнинг фикрлари тингланди ва қатнашчиларнинг саволларига жавоблар берилди.

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech