Ру Ўз O`z En

Инспекция ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПҚ-4241-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди.

Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши;

б) пахта ва бошоқли дон экинлари уруғларига давлат томонидан буюртма бериш, уруғ тайёрлаш ва уни қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

в) давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши;

г) пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотларнинг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши;

д) қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши;

е) қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши;

ё) сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши;

ж) идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши;

з) қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати устидан назоратни амалга ошириш:

и) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ва уларнинг уруғлари ҳамда улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувини ўтказиш;

й) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш.

Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан қуйидаги назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда соҳани ривожлантиришга оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорларида белгиланган талаблар ва қоидаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб жойлаштирилиши ҳамда экилиши, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, маҳсулот етиштириш бўйича тузилган шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши устидан;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ барча ташкилотларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва импорт қилиш, сақлаш ва сотиш устидан.

Инспекция агросаноат мажмуи соҳасида қонун ҳужжатлари ижросини мунтазам таҳлил қилиб боради, таҳлил натижалари бўйича соҳадаги қонун ҳужжатларини ва норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

б) пахта ва бошоқли дон экинлари уруғларига давлат томонидан буюртма бериш, уруғ тайёрлаш ва уни қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши юзасидан қуйидаги назоратни амалга оширади:

фермер хўжаликлари, кластерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ майдонларда экилиши ва ялпи ҳосил етиштирилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш ишларини устидан;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрининг юритилиши устидан;

пахта ва бошоқли дон экинлари уруғлари сифати устидан;

уруғчилик соҳасига жаҳон ютуқларини татбиқ этиш, уруғлар сифатини жаҳон стандартлари асосида аниқлаш ва сертификатлаштириш устидан;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган миқдорда районлаштириилган навлар бўйича жойлаштириш ва навли уруғларни тайёрлаш кўрсаткичларини бажарилиши устидан.

Инспекция пахта ва бошоқли дон экинлари уруғлари сифатини аниқлаш усулларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларни такомиллаштириш ҳамда уруғлик етиштириш ва унинг сифатини аниқлаш бўйича давлат стандартлари, методикалар ва йўриқномалар ишлаб чиқишда иштирок этади.

в) давлат буюртмасининг режали амалга оширилишига мувофиқ ҳажмларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш бўйича талаблар бажарилиши соҳасида қуйидаги назоратни амалга оширади:

давлат буюртмаси параметрларига мувофиқ асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш ва уларнинг мақсадли реализация қилиниши устидан;

давлат буюртмасига мос ҳажмларда пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирилишини молиялаштириш механизми, ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини ҳамда хизматлар ва моддий-техник ресурслар билан тўлиқ таъминланиши устидан;

экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш, шунингдек, пахта хом ашёси, бошоқли дон ҳосили ва ундан қайта ишланган маҳсулотлар давлат ресурси ва давлат захираси ҳажмлари ҳамда баланс кўрсаткичлари ҳажмлари бўйича таклифлар шакллантирилганлиги устидан.

г) пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотларнинг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилигини камайтирилиши юзасидан қуйидаги назоратни амалга оширади:

пахта тайёрлаш пунктлари, дон қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан пахта хом ашёси, бошоқли дон экинлари ҳосили ва уларнинг уруғларини давлат ресурсига қабул қилиниши ва қайта ишланиши ва сифатли сақланиши ҳамда реализация қилиниши устидан;

етиштирилган пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари уруғлари учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширилиши, давлат ресурси ва давлат захирасига топширилган пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар бўйича ишончли ҳисоботлар юритилиши ҳамда табиий камайиш ҳисобига етказиладиган зарарларни белгиланган тартиб асосида ҳисобдан чиқариш устидан;

пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари уруғлари, улардан қайта ишланган маҳсулотларни қабул қилувчи, сақловчи ва қайта ишловчи корхоналарнинг техник ҳолати юзасидан;

нобудгарчилик бўйича белгиланган нормаларининг тўғри ва асосли қўлланилиши, пахта тайёрлаш пунктлари ҳамда дон қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарида технологик жараёнларга ва маҳсулотнинг чиқиш нормаларига ҳамда сифатига риоя этилиши юзасидан.

Инспекция давлат ресурсига қабул қилинган пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари уруғлари ҳамда улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати ёмонлашиши, нобуд бўлиши ҳолатлари ва сабабларини ўрганади, зарур ҳолларда уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритади;

бошоқли дон ва ундан қайта ишланган маҳсулотларнинг якунланган партиялари юзасидан тозалаш далолатномаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Инспекцияга юкланган вазифалар доирасида текшириш қоидаларини, сифат сертификатлари шаклларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати бўйича хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида низоли масалалар келиб чиққан тақдирда, назорат синовларини ўтказади ҳамда мамлакат ичида ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда фойдаланиладиган жисмоний ва юридик шахслар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланган хулосалар беради.

д) қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, уруғчилик хўжаликларини аниқлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш, янги навларни районлаштирилиши ва навдор уруғлар тайёрлаш кўрсаткичлари бажарилиши устидан;

юқори сифатли элита, биринчи ва кейинги авлодли уруғлар етиштирилиши, уруғларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва йўриқномалар талабларига риоя қилган ҳолда тежаб сарфланиши устидан;

уруғлик учун экилган қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида апробация ўтказиш устидан;

пахта ва бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш, улардан фойдаланиш, жумладан, экспорт ва импорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш, тайёрлаш ва сақлашда кимёвий препаратларнинг самарали қўлланилиши устидан;

уруғчилик бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғларга экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, шунингдек, соҳага ноу-хауларни жорий этиш устидан;

уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб бориш, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ёрдам берилиши устидан;

аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаштириш ҳамда уруғ ва кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан;

экин турлари бўйича уруғлар архивининг таркиби ҳамда уруғлар архивини юритиш устидан.

Инспекция уруғликларни қонун ҳужжатларини бузган ҳолда етиштиришни, сақлашни, реализация қилишни тўхтатиб қўяди ёки тақиқлайди;

мувофиқлик сертификати ва фитосанитария сертификати ёки карантин рухсатномаси мавжуд бўлмаган уруғликлар туркумларининг ташилишини тақиқлайди;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини ишлаб чиқариш ва сифатини аниқлашдаги давлат стандартлари, методикалари ва йўриқномаларини тайёрлашда қатнашади.

е) қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, Инспекция зиммасига юклатилган вазифалар доирасида қонунчилик талабларига сўзсиз риоя этилиши соҳасида қуйидаги назоратни амалга оширади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фермер, деҳқон хўжаликларига ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларга ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ажратиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар бузилишининг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши, бунда масъул шахслар томонидан хизмат мавқеи суиистеъмол қилинишига, қариндош-уруғчилик муносабатларидан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги устидан;

ерлардан қатъий равишда мақсадли фойдаланиш, суғориладиган экин майдонларини муомаладан чиқарилишига йўл қўйилмаслиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича қабул қилинган шартнома мажбуриятларига риоя этилиши устидан;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан ерлардан самарали фойдаланиши, тупроқ унумдорлиги сақланиши ва оширилиши таъминланиши, шунингдек, ушбу мақсадда қабул қилинган дастурларининг бажарилиши устидан;

фойдали қазилмалар конларини кавлаш, қурилиш ва бошқа ер ишларини амалга ошириш учун берилган қишлоқ хўжалиги ерларини уларга эҳтиёж қолмаганидан кейин қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун ўз ҳисобидан яроқли ҳолатга келтириш бўйича вазифалар ва мажбуриятларнинг бажарилиши устидан;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда тупроқ сифатини аниқлаш (бонитировка) натижаларини, бузилган ерларни рекультивация қилишни, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларнинг тўғри юритилиши ва давлат ер кадастрини юритиш қоидаларига риоя қилиниши устидан;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган минерал ўғитлар ва кимёвий препаратларни норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши, сақланиши, реализация қилиниши ва мақсадли қўлланилиши устидан;

ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш устидан;

ердан мақсадсиз фойдаланилиши, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, уларнинг ҳосилдорлиги пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келган бошқа ҳаракатларнинг содир этилиши, шунингдек, таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартиби бузилиши устидан.

Инспекция фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ер ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини олиб борувчи органлар билан биргаликда ер муносабатларини тартибга солиш ҳамда ерлардан нооқилона фойдаланилишининг ўз вақтида олдини олишга қаратилган тизимли ишларни мунтазам ташкил этади, тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боради.

ё) сунъий сув объектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланилиши ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича белгиланган тартибга сув хўжалиги ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа сувдан фойдаланувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчилари томонидан қатъий риоя этилиши устидан;

сув хўжалиги объектларидан сув олиш лимитларини (вегетация ва новегитация даври учун) тасдиқланганлиги, уларга риоя қилиниши ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларига амал қилиниши устидан;

сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган дастлабки сув миқдорининг ҳисоби тўғри ва аниқ юритилиши устидан;

ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини тасдиқланган сув олиш лимитлари бўйича сув ресурслари билан таъминланиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилиши устидан;

ирригация ва мелиорация тизимлари, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари, сув омборлари, насос станциялари ҳамда бошқа сув хўжалиги ва гидротехника иншоотларининг самарали ишлатилиши юзасидан;

сув ресурсларидан тежамли ва оқилона фойдаланиш учун сувдан фойдаланувчилар ҳамда сув истеъмолчилар жавобгарлигини кучайтириш, сувдан фойдаланиш маданияти даражасини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши устидан;

сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар ва бошқалар)дан олинадиган сувлардан фойдаланиш устидан;

сув ва сув хўжалиги объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехник ва бошқа ишларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши устидан;

давлат сув кадастрини қонун ҳужжатларига мувофиқ юритилиши устидан;

сув ресурслари ва сув хўжалиги объектларидан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилиши устидан;

назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текшириш ва мониторинглар доирасида ирригация объектлари ва гидротехник иншоотлари қуриш ҳамда реконструкция қилишда белгиланган стандартларга риоя этилиши, шунингдек, ажратилган бюджет маблағлари мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан.

ж) идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларда чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан қуйидаги назоратни амалга оширади:

наслчилик корхоналари ва хўжаликлари томонидан етказиб бериладиган наслдор ҳайвонлар сифат (насл) кўрсаткичлари тўғри аниқланганлиги юзасидан;

наслдор ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш, ҳайвонлар ва улар уруғларини экспорт ва импорт қилиш устидан;

чорвачиликда наслчилик ишлари тўғрисидаги ҳисоботларнинг юритилиши устидан;

мулкчилик шаклидан қатъий назар чорвачиликда наслчилик ишлари билан шуғулланувчи субъектлар фаолияти устидан;

қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини зоти бўйича районлаштирилиши устидан;

наслчилик хўжаликларидаги наслдор чорва ҳайвонлари ҳисоби рўйхатдан ўтказилиши ва селекция жараёнида фойдаланадиган наслчилик ресурсларининг келиб чиқиши, маҳсулдорлиги ва тури бўйича сифатли баҳоланиши ҳамда улар ишончли рўйхатга олиниши устидан;

чорвачиликда наслчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга ер майдонлари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланилиши, корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган омухта ем, шелуха, шрот маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари устидан;

наслли маҳсулот (материал)ни ишлаб чиқариш ва унинг технологик жараёнлари ташкил этилиши устидан.

з) Инспекция ҳузуридаги «Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонасининг қуйидаги фаолиятини амалга оширилиши устидан:

идоравий бўйсунуви ва мулк шаклларидан қатъи назар тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаси, ўзиюрар машиналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари сонининг ҳисобини юритилиши, сақланиши ва ҳисобдан чиқариш, давлат рўйхатдан ўтказиш, техник кўрикдан ўтказиш, шунингдек, давлат рақами белгиси, техник паспорт ва техник гувоҳнома бериш;

тракторчи-машинист гувоҳномасини ва огоҳлантириш талонларини бериш учун имтиҳонлар ўтказиш;

машина-трактор паркларини янгилаш бўйича давлат дастурлари ижро этилишини, эксплуатация қилинаётган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникасининг модернизация қилинишини ва янги намуналари ишлаб чиқилишини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурсларини тежовчи замонавий технологиялари ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникасини, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурсларни тежовчи замонавий технологияларини синовдан ўтказиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бажарилиши;

машинасозлик ва таъмирлаш корхоналарида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникасини, ускуналарни ва эҳтиёт қисмларни юклашдан олдин уларнинг сифат кўрсаткичлари текширилиши;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаси, ўзиюрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси давлат синовларидан ўтказилганлиги ва уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги устидан назорат қилади.

Инспекция қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ўрганиб боради ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.

и) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ва уларнинг уруғлари ҳамда улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади;

пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати устидан мажбурий давлат текшируви;

экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек улардан қайта ишланган маҳсулотларни сифатли сақланиши устидан;

й) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда қуйидагиларни назоратни амалга оширади;

инспекция ваколатига тааллуқли ишлар бўйича текширув ўтказиш;

қишлоқ хўжалиги ерларидан нооқилона фойдаланиш ва уларни қўриқлаш, сув ресурслари исрофгарчилиги, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини ўғирлаш, гидротехника, мелиорация иншоотлари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникасидан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахсларига ҳамда жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

соҳада қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларга ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, Инспекция ваколатига тааллуқли ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазоларни қўллаш;

сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан сув олиш тартибини бузганлик учун жарима санкциялари қўллаш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётини таҳлил қилиш, уларнинг ҳисобини олиб бориш ҳамда ушбу соҳада ягона амалиётни шакллантириш.

Инспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

Инспекцияни Президент томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган бошлиқ бошқаради ва Инспекция бевосита Ҳукуматга ҳисобдордир.

 

Инспекция бошлиғи меҳнатига ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазирга, Инспекция бошлиғи ўринбосарлари вазир ўринбосарига тенглаштирилган.

Text to speech