Ру Ўз O`z En

2022 йилда ғўза дефолиациясидаги камчиликлар юзасидан 15 мингга яқин огоҳлантириш хатлари берилган

9 Сентябрь 2022 1060

Ҳукуматнинг 2022 йил 13 августидаги “2022 йилда ғўза дефолиациясини ўз муддатида ва сифатли ўтказиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан, жорий йилда 890 минг гектар ёки умумий ғўза майдонларининг 86,1 фоизида дефолиация тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ҳудудларнинг об-ҳаво шароити ва ғўзанинг биологик пишиб етилишини инобатга олиб, ғўза майдонларида 65-70 фоиз кўсак очилганда ва майдонларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, дефолиация тадбирини табақалаштириб, дефолиацияни қўллаш меъёрларига риоя қилган ҳолда ўтказилиши лозим бўлади.

Мазкур йиғилиш баёнида Ўзагроинспекцияга ғўза дефолиациясини сифатли ўтказилиши, дефолиантларни қўллаш меъёрларига риоя этилиши вадефолиациянинг белгиланган муддатларда амалга оширилиши, мулкчилик шаклидан қатъий назар ғўза дефолиацияси тадбирида иштирок этадиган барча тракторлар, пуркагич ва сув ташиш  сиғимларини таъмирдан чиқарилишини  ва далолатнома асосида қабул қилиниш устидан назорат қилиш вазифаси юклатилган.

Жорий йилда ғўзани дефолиация қилиш учун жами 2,3 минг тонна дефолиантлар талаб этилиши белгиланиб, ҳозирда ҳудудларда 108 фоиз дефолиантлар захираси яратилди.

Шу билан бирга, бу йилги дефолиация мавсумига 3 866 дона ОВХ пуркагичлар жалб этилиб,  бугунги кунда 790 580 гектар ёки 89 фоиз майдонларда дефолиация тадбирлари ўтказилди.

Ўзагроинспекциянинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва туман бўлимлари томонидан, жойларда ғўза дефолиациясини сифатли ва дефолиантларни қўллаш меъёрларига риоя этилиб ўтказилиши устидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Жумладан, ҳудудларда ғўза дефолиацияси бўйича 576 278 гектар ғўза майдонларида назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 10 134 та фермер хўжаликларининг 162 492 гектар майдонларида хато-камчиликлар аниқланди.

Аниқланган хато-камчиликларни бартараф қилиш ва уларни келгусида такрорланишини олдини олиш юзасидан, фермер хўжаликларига ва кластер корхоналарига 14 847 та огоҳлантиришлар берилди.  

Ҳудудларда ғўза дефолиациясини уюшқоқлик билан ташкил қилиниши ва сифатли ўтказиш бўйича Инспекция томонидан мавсум давомида назорат тадбирлари ўтказиб борилади.

"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни назорат қилиш бошқармаси

 

Text to speech