Ру Ўз O`z En

303 та ёғ-мой корхонасидан фақат 77 таси белгиланган талабларга мувофиқ ишлаши аниқланди

2 Июль 2021 4855

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, ёғ-мой корхоналарининг пахта техник чигитини тўлиқ технологик цикл (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш цехлари)да мақсадли қайта ишлаганлиги ҳамда уларнинг маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулоса ва мувофиқлик сертификатларига эга эканлиги устидан назоратни амалга ошириш  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479-сон қарори 2-банд, «а» кичик банди учинчи хатбошиси билан   “Ўзагроинспекция” зиммасига юклатилган.

Мазкур Қарор ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Инспекцияда ёғ-мой корхоналарида назорат тадбирларини ташкил этиш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи комиссия, шунингдек, “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати” мутахассисларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, назорат тадбирлари ўтказилди.

Хусусан, 2021 йилнинг июнь ҳолатига 514 та корхоналарда текширишлар якунланди. Текширилган 514 та ёғ-мой корхоналаридан 303 тасининг фаолияти пахта техник чигитини, 90 таси бошқа мойли ўсимликларни (шундан 39 таси кунгабоқар, 14 таси зиғир, 6 таси махсар, 31 таси бошқа мойли экин) қайта ишлаш фаолияти билан, 93 таси эса умуман бошқа фаолият тури билан шуғулланиши, 28 таси ўз фаолиятини тўхтатганлиги аниқланди. Техник чигитни қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланган 303 та ёғ-мой корхонасининг 77 таси пахта техник чигитини қайта ишлаш учун белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритаётганлиги, 226 та корхоналар фаолияти эса(35 тасида ҳеч қандай технологик ускуна йўқ, 52 тасида фақат пресслаш ускунаси бор, 13 тасида экстракциялаш ускунаси йўқ, 126 тасида технологик циклларнинг иккитадан ортиқ айрим турлари мавжуд) қарорда белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланди.

Аниқланган камчилик ва қонунбузилишлар юзасидан корхоналарга нисбатан жами 402 та (45 та огоҳнома, 350 та кўрсатма ва 7 та тақдимнома) таъсир чоралари кўрилиб, 36 та (судларга 23 та, прокуратура органларига 13 та) ёғ-мой корхоналарига оид тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Бундан ташқари,  Инспекция томонидан амалга оширилган ҳужжатли таҳлил натижалари муқаддам фармон талабларига жавоб бермаслиги аниқланган 20 та ёғ-мой корхоналари техник чигитни биржадан харид қилмасдан тўғридан-тўғри харид қилинганлиги ва тўлиқ технологик цикли мавжуд бўлмасада қайта ишлаганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлари юзасидан 20 та корхоналарга оид тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга (8 таси прокуратурага, 8 таси иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ва 4 таси судларга) киритилди.

Қарорда белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритмаётган ёғ-мой корхоналари ҳақидаги маълумотлар  Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 ноябрдаги 03/1-2355-сонли топшириғи ҳамда 2020 йил 1 декабрдаги йиғилиш баёни (рўйхат рақами 03/1-3203, 2020 йил 2 декабрь) 6-бандига асосан Республика товар хом-ашё биржасига юборилди.

Бу амалга оширилаётган тадбирлар, таркибида табиий заҳарли модда - госсипол белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган пахта мойи ишлаб чиқарилишини олдини олиш ва аҳоли саломатлиги таъминлаш учун қаратилган бўлиб, чигитдан олинадиган тайёр маҳсулотларда госсипол моддаси миқдорини ҳавфсиз даражага тушириш учун пахта техник чигитини тўлиқ технологик циклда қайта ишлаш талаби белгиланган.

Зеро аҳоли саломатлиги энг олий ва энг устивор мақсаддир!

Инспекциянинг Пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш  бўлими

Text to speech