Ру Ўз O`z En

ҒАЛЛА ЭКИЛАДИГАН МАЙДОНЛАРНИНГ ШЎРИ ЮВИЛМОҚДА

18 Август 2022 1004

Ҳукуматнинг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ерларнинг шўр ювиш ишлари тадбир режаси бўйича берилган тавсиялар асосида мақбул муддатларда ва ажратилган сув олиш лимитлари доирасида, шўр ювиш меъёрларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.

 

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекциянинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалардан тажрибали ходимлар жалб этилиб, белгиланган тадбирларнинг сифатли бажарилишини ташкил этишда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 59,0 минг гектар майдонда ғалла экилиши кўзда тутилган бўлиб мазкур майдонларда шўр ювиш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Бугунги кунда шундан 14,8 минг гектар ер майдонида шўр ювиш тадбирлари ўтказилган  яъни  режа 32 фоизга амалга оширилган.

Жумладан, Хўжайли туманида 1554 гектар ёки 49 фоиз, Тахиатошда 43 фоиз, Амударё, Шуманай туманларида 36 фоиздан, Берунийда 32 фоиз, Тўрткўлда 31 фоиз, Нукусда 29 фоиз, Кегейлида 25 фоиз майдонларда шўр ювиш ишлари бажарилган.

Ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ўтказишда шўр ювиш нормаси тупроқнинг шўрланганлик даражасига ва механик таркибига қараб, ишлаб чиқилган график асосида полларни сув билан тўлдиришда юқоридан пастга қараб, коллектор-дренаж тармоғи томон навбат билан амалга оширилмоқда.

Минтақамизда сув тақчиллиги йил сайин ошиб бораётган бугунги шароитда ерларнинг шўрини ювиш тадбирларида ҳам сувни тежаш талаб қилинмоқда, шунингдек, шўр ювишга ажратилаётган сув ресурсларидан сув олиш лимитлари доирасида ушбу тадбирни сифатли ўтказишнинг барча чораларини кўряпмиз – дейди Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси бош инспектори Б. Сатторов.

Шу билан бирга, жойлардаги агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларига шўр ювиш учун берилган сувни коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйишга ва уларнинг техник ҳолатига зарар етказишга йўл қўйилмаслик юзасидан тушунтириш ишлари ўтказилмоқда ҳамда ерларни шўр ювишга тайёрлаш ва шўр ювиш ишларини ўтказиш тартиби ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.

Ўз навбатида, Инспекция томонидан ўтказиб келинаётган тарғибот тадбирлари натижасида фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиш таъминланмоқда.

Бугунги кунда, суғориладиган ерларни шўрини ювиш ишлари, шунингдек, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатилган.

"Ўзагроинспекция"нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси

Text to speech