Ру Ўз O`z En

Иштихон туманида гидропоника усулида чорва озуқаси етиштирилмоқда

24 Август 2022 1200

Озуқа базасини ривожлантириш орқали чорвачилик маҳсулотлари етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш мавзусидаги лойиҳа  бажарилди.

Даставвал чорвачиликка ихтисослашган “Қиличев Баҳром” фермер хўжалигининг бўш турган биносида донни намлатиб, гидропоника усулида кўк озуқа етиштириш учун шароит яратилди.                                                                                   

Гидропоника асосида чорва учун кўк масса ишлаб чиқаришнинг афзалликлари жуда кўп, кўп миқдордаги меҳнат ва моддий ресурслар тежалади. Илгари чорва озуқаси етиштириш билан банд бўлган майдонларга бошқа қишлоқ хўжалик экинларини экиш имконияти юзага келади. Қолаверса, гидропоника технологиясини қўллаш чорва озуқасининг таннархини арзонлаштиради.                                                                                                    

Бу усул чорва маҳсулдорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Биргина мисол, мазкур фермер хўжалигида шундай ширали чорва озуқаси билан озиқлантирилганда соғин сигирларнинг маҳсулдорлиги ўртача 30-35 фоизга ошди.

Содда қилиб айтганда, 1 метр квадрат ерда гидропоника усулида ундирилган дондан 25 – 28 килограммгача кўк масса олиш мумкин. Бунинг учун атиги 7 – 8 кун кифоя қилади. Худди шу ўлчамдаги ерда бир йилда 52 марта ҳосил етиштириб,  1300 – 1456 килограммгача кўк масса олиш мумкин, деганидир. Ушбу кўрсатгич дон ва такрорий экиндан олинадиган дағал – хашак ва силосга нисбатан 282 – 316 мартага кўп. Бу тажрибани оммалаштириш ва маҳсулдорликни ошириш орқали бозорларимизда чорва маҳсулотларини кўпайтириш, улар нархини пасайтириш, озуқа етиштириш учун экин майдонлари етишмовчилиги муаммосини юмшатиш ва қўшимча иш жойларини яратиш имконини беради.

A.Холбеков, Агроинспекциянинг Иштихон туман бўлими бошлиғи

Text to speech