Ру Ўз O`z En

Келгуси йил ҳосили учун бугундан тайёргарлик

13 Май 2022 95

Уруғлик дон етиштириш қишлоқ хўжалиги ривожи, умуман, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Катта тажриба, машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган уруғлик дон фермер хўжалиги учун даромад манбаи бўлиш билан бирга келгуси йил ҳосили мўл бўлишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилнинг 11 май куни бўлиб ўтган Президент ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилишда бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Дон ва дуккакли экинлар илмий текшириш институтининг Наманган илмий-тажриба станциясида ўтказилган “Уруғлик ғалла майдонларида апробация ишларини ташкидл этилиши” мавзусидаги кўргазмали семинарда ҳам шу ҳақда сўз борди.

Маълумотларга кўра, 2021 йили наманганлик фермерлар томонидан ички имкониятлардан ортган 1100 тоннадан зиёд уруғлик буғдой бошқа вилоятлардаги фермер хўжаликларига етказиб берилган эди. Шу билан бирга Россия Федерациясидан бизнинг иқлим ва тупроқ шароитига мос келувчи супер элита уруғлари олиб келиниб, сифатли уруғлик олиш амалиёти йўлга қўйилди.

-  Жорий йилда Наманган вилоятидаги 2022 йил ҳосили учун тендер танловидан ўтган уруғлик ғалла етиштириш ҳуқуқини қўлга киритган 203 та фермер хўжаликлари, илмий тадқиқот институтлари, кластерлар ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази ДМга қарашли элита уруғчилик хўжаликлари томонидан 5000 гектар майдонларда уруғлик ғалланинг белгиланган агротехник тадбирларга қатъий амал қилиниши бўйича доимий равишда “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан дала кузатуви мониторинглари ва мунтазам назорат тадбирлари олиб борилди. Ушбу жараёнда  айрим фермер хўжаликларининг уруғлик ғалла майдонларида белгиланган агротехник тадбирларни тўғри олиб борилмаганлиги, бегона ўт ва бегона навларнинг меъёридан кўплиги, ўтмишдош экини ғалла бўлган жойларга уруғликларни нотўғри жойлаштириш оқибатида 287 гектар уруғлик ғалла майдонлари ва 1116 тонна етиштириладиган уруғлик дон яроқсиз деб топилди – дейди биз билан суҳбатда “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилояти бошқармаси бош инспектори Н. Исомиддинов. 

Тадбир давомида вилоят ҳокимлиги мутасаддилари томонидан апробация ишларини белгиланган тартибда ташкил этиш, қисқа муддатларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, уруғлик ғаллани алоҳида ажратилган комбайнлар ёрдамида ўриб олиш, қайта ишлаш корхоналарида уруғликни қабул қилиш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

"Ўзагроинспекция” Наманган вилояти бошқармаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech