Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА СУВ ОҚИМИ ТЕЗЛИГИНИ АНИҚЛАШ ЎЛЧОВ ВОСИТАЛАРИ ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИЛДИ

20 Май 2021 2051

Қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш ўта муҳим. Йилдан йилга сувга бўлган эҳтиёж ортса ортмоқдаки камайгани йўқ. Бу эса сувдан оқилона фойдаланиш, сув сарфини аниқлашни талаб этади. Бу борадаги ишларни назорат қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими инспекторлари томонидан вилоятдаги сув оқими тезлигини аниқлашда фойдаланиладиган ўлчов воситалари текширувдан ўтказилди.

Хусусан, Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги Кармана, Хатирчи, Навбаҳор ва Конимех тумани Ирригация бўлимларида, Кармана-Конимех Ирригация, Тошработ-Ўртачўл Ирригация тизими, мелиоратив экспедициясида ва насос станциялари ва энергетика бошқармаларида Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлари ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича ўрнатилган тартибда текшириш олиб борилди.

“Метрология тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддаси ҳамда метрология текширувидан ўтказилиши лозим бўлган ўлчов воситалари туркумларининг рўйхати 95-қаторида (рўйхат рақами 3174, 2019 йил, 30 июль,) сув оқимининг тезлигини ўлчов воситалари ҳар ўн икки ойда текширувдан ўтказилиши лозимлиги белгиланган. Шунга қарамай, ҳавза бошқармаси тизимидаги бошқарма ва бўлимларнинг мансабдор шахслари томонидан ўлчов воситаларини ўз вақтида метрология текширувидан ўтказилишига бепарволик билан қаралиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилган.

Жумладан, текшириш давомида ҳавза бошқармаси тизимидаги бошқарма ва бўлимлар томонидан сув ўлчаш қурилмаларида сув оқими тезлигини аниқлашда фойдаланиб келинаётган жами 33 дона, ГРВЦ ва ГР-21М гидрометрик вертушкалар давлат метрология текширувидан (қиёслашдан) умуман ўтказилмагани аниқланди.

-   Бугунги кунда ҳавза бошқармаси тизимидаги бошқарма ва бўлимлар  тасарруфида жами 561 дона гидропостлар мавжуд,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори Улуғбек Юсупов.- – Уларнинг барчаси белгиланган тартибда тўлиқ аттестациядан ўтказилиши белгиланган. Ўтказилган назорат тадбирларимизда амалда ушбу гидропостларнинг аттестациядан ўтказилиши бўйича ҳужжатлар номигагина расмийлаштирилгани аён бўлди.  Шунингдек, барча гидропостларни аттестациядан ўтказиш, паспортларни расмийлаштириш, гидрометрия хизматини олиб бориш, сувнинг ҳисоб-китоблари юритилиши бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва шунга ўхшаш бошқа вазифалар ижроси таъминланиши бўйича ишлар тўлиқ амалга оширилмаган.

Жумладан, Кармана туман ирригация бўлимида мавжуд гидропостлар учун техник паспортлар мавжуд бўлиб, “Гидротехник иншоотнинг градуировкаланганлиги ҳақида”ги далолатномалар, “Метрологик аттестациялаш ҳақида”ги Қарорлар, “Метрологик аттестациялаш ҳақида”ги гувоҳномалар тўлиқ расмийлаштирилмаган ҳамда аттестация комиссия аъзолари томонидан белгиланган тартибда тўлиқ имзоланиб, тасдиқланмаган.

Шунингдек, ҳар бир гидротехник иншоотларнинг ишга яроқли эканлигини аниқлаш ва ундан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида комиссия аъзолари иштирокида қарор қабул қилиниши, йиғилиш баёни ўтказилиб Хатирчи туман ирригация бўлими томонидан тасдиқланиши белгиланганлигига қарамасдан, ушбу ишлар амалда бажарилмаган. Гидропостларнинг аттестациялаш тўғрисидаги қарорда яроқли ёки яроқсиз эканлиги тўғрисида маълумот кўрсатилмаган. Шу каби ҳолатларга, ҳавза бошқармаси тизимидаги барча бошқарма ва бўлимларда йўл қўйилган. Мазкур соҳадаги камчиликлар бош гидрометрлар ва бош гидротехникларнинг ишига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги сабабли келиб чиққан.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ҳавза бошқармаси тизимидаги барча бошқарма ва бўлимларга тақдимномалар киритилди. Бундан ташқари, камчилик аниқланган ҳудудларда “Ўзагроинспекция” инспекторлари иштирокида хатоларни бартараф этиш, қонунбузилишлар олдини олишга бағишланган давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. Бу борада ҳавза бошқармаси тизими ходимларига зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech