Ру Ўз O`z En

Сурхондарё вилоятида 2024 йил ҳосили учун жамғарилган бошоқли дон экинлари уруғларини қайта ишлаш ҳамда сифатли экилиши Инспекция томонидан назоратга олинди

3 Август 2023 1870

Сурхондарё вилоятида 2024 йил ғалла ҳосили учун экиш мақсадида жорий йил ғалла ҳосилидан буғдойнинг асосан вилоят тупроқ-иқлим шароитига мос «Алексеич», «Антонина», «Аср», «Бунёдкор», «Васса», «Гром», «Гурт», «Таня», «Тимирязевка-150» ва бошқа навларидан жами 20 минг 318 тонна уруғлик дон жамғарилди.

Жамғарилган уруғликлар ҳозирги кунда «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖ ва «Шўрчидонмаҳсулотлари» АЖга қарашли дон қабул қилиш шохобчаларида

15 минг 696 тонна, 5 та элита уруғчилик хўжаликларида 589 тонна ва “Жарқўрғон Бест СеэдсМЧЖда 4 минг 33 тонна уруғлик буғдой нав ва авлодлари бўйича алоҳида тўдаларда сақланмоқда.

2023 йил 1 август куни «Шўрчидонмаҳсулотлари» АЖ га қарашли уруғлик саралаш ва дорилаш цехида “2024 йил ҳосили учун экиш мақсадида бошоқли дон экинлари уруғларини тозалаш, саралаш, дорилаш ва уни сақлаш ҳамда кузги бошоқли дон экинлари экишни уюшқоқлик билан ўтказиш” масалаларига бағишланган кўргазмали семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Семинарда вилоят ҳокими U.Qosimov иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги тизимидаги барча ташкилотларга вилоятда экиладиган 89 минг 325 гектар майдонни сифатли бошоқли дон экинлари уруғлари билан таъминлаш, экиш мавсумини қисқа муддатларда ва самарали ўтказиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Жамғарилган уруғлик буғдойни тозалаш, саралаш ва дорилаш бўйича график ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланди.

Графикка асосан уруғлик партияларини саралаш ва дорилаш ишлари вилоятда рухсат этилган 8 та уруғлик цехларида, жумладан «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖга қарашли Музработ уруғлик цехида 1763,4 тонна, Термиз уруғлик цехида 1850,8 тонна, Шеробод уруғлик цехида 2521,4 тонна, «Шўрчидонмаҳсулотлари» АЖга қарашли Шўрчи уруғлик цехида 4407,4 тонна, Денов уруғлик цехида 2239,2 тонна, S.Raximov уруғлик цехида 1022,3 тонна, Сариосиё уруғлик цехида 1891,7 тонна, Уруғчиликни ривожлантириш марказига қарашли “Жарқўрғон Вест СEЭДСМЧЖда 4622 тонна уруғлик буғдой сараланиб дориланиши белгиланган.

Уруғликларни тайёрлаш ишлари график бўйича амалга оширилиши ҳамда сифатли сақланиши, экинбоплик сифат кўрсаткичлари бўйича мувофиқлиги тўғрисидаги сертификатланган уруғлик донларни экиш учун тарқатиш ва экиш ишлари «Ўзагроинспекция»нинг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган.

 

«Ўзагроинспекция»нинг Сурхондарё вилоят бошқармаси Матбуот хизмати.

Text to speech